Катта йўл бўйлаб бирор манзилга отланаркансиз йўл атрофининг ободлигини, оқланган дарахтларни кўрасиз. Демак юраётган йўлингизда озодалик, батартиблик борми, албатта бунда кимнидир ҳиссаси бор.
Эгнига махсус кийим кийиб йўл бўйлаб турли юмушларни бажариб юрган инсонларнинг айнан, кўчалар, йўллар, йирик ташкилотлар ҳудудларининг ободончилигига катта ҳисса қўшаётганини инкор қилиб бўлмайди. Тўғри, уларнинг иш ҳақлари юқори бўлмаслиги мумкин, бироқ улар ўз ишидан мамнун.
Аммо ана шундай фидоий инсонларнинг ойлигини ойлаб бермасдан пайсалга солиб юрган ташкилотларнинг борлиги киши дилини хира қилади.

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида фаолият юритаётган «Эко ҳаёт» МЧЖнинг 160 нафардан зиёд ишчи-ходимларининг мурожаати юзасидан ҳудудга бордик. Ишчиларнинг дардини тингладик. Уларни қийнаётган ягона муаммо – ойлик маошининг вақтида тўлаб берилмаётганидир. Ўрганишлардан маълум бўлишича, ушбу ташкилот бир пайтлар Муборак газни қайта ишлаш заводи балансида бўлган. Бугунги кунда масъулияти чекланган жамият сифатида заводдан ажралиб чиққан ва завод билан шартнома асосида ишлайди. Яъни ташкилот ишчилари завод атрофидаги қарийб 60 гектар майдоннинг тозалигига масъул. Айни пайтда ташкилотда 160 нафардан зиёд ишчи ходим меҳнат қилади. Улар орасида хотин-қизлар, ёши улуғ инсонлар ҳам бор.
Ишчилар билан суҳбатлашдик.

– “Эко ҳаёт” МЧЖда бир неча йилдан буён ишлайман, – дейди Тўполон Авазов. – Ўзи оладиган ойлигимиз 1 миллион 200 минг сўм атрофида. Шуни ҳам 3 ой деганда прокуратура, ҳокимиятга бориб, роса югур-югур билан олдик. Яқинда вилоят ҳокими олдига ҳам бордик. Ўзи билан учраша олмадик, лекин ёрдамчилари қабул қилди. Энди қачонгача мана шу аҳволда ойлик оламиз. Тушунмаяпмиз. Бизнинг раҳбаримиз ким? Бошлиқлардан сўрасак, нуқул Тошкент ойлик бермайди, завод пул ўтказиб бермаяпти дейди. Энди биз қачонгача ялиниб яшаймиз. Айни пайтда бизнинг эгамиз йўқ. Бизга ойма-ой ойлик берадиган, раҳбарлар керак. Бормаган жойимиз, учрашмаган раҳбаримиз қолмади. Президентгача мурожаат қилдик. Ҳеч қандай фойдаси йўқ. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Давлат раҳбари у ёқдан камбағалликни тугатайлик, деб турсаю, булар бизнинг оладиган арзимаган ойлигимизни ҳам вақтида бермаса, биз қандай яшаймиз. 160 нафардан ортиқ ходим ишлайди ташкилотимизда. Шу ходимлардан 150 нафардан зиёди қора ишчилар. Заводнинг атрофидаги 56 гектар ерни ободончилигига қараймиз. Бегона ўтларни юламиз, дарахтларга шакл берамиз, суғорамиз, гул экамиз ва ҳоказо. Бизнинг меҳнатимизни ҳам қадрлайдиган инсонлар борми? Бундан ташқари, ишхонамизда ҳам шароит йўқ. Мана бир ойдан бери чироқ ўчган. Овқат қила олмаймиз. Нонуштани чўнтагимиздан қиламиз. Қоп-қоронғи хонада ўтирамиз.

– Мен 1989 йилдан буён Муборак газни қайта ишлаш заводида ишлаб келардим, 2018 йилда заводга қисқартириш келди деб мана шу ташкилотга ўтказишди. Ишсиз қолиб кетмаслик учун мажбур ўтдим, – дейди «Эко ҳаёт» МЧЖ ишчиси Тўра Худойбердиев. – Мана ҳозир 1 миллион сўм ойлик белгилаб қўйган. Уни ҳам 3 ойдан бери бергани йўқ эди. Ёзув-чизув қилингандан сўнг яқинда 1 миллион 500 минг сўм беришди. Иккита фарзандим контракт асосида ўқийди. Намунали уй олганман. Ҳамма жойдан қарз бўлиб кетдим. Бир неча бор завод раҳбариятига мурожаат қилдим. Берган ойлик нима бўлади. Битта фарзандим нефть-газ конлари бўйича ўқишни тугатган. Ишга жойлаштира олмаяпман. Ишга жойлаштиришга пул йўқ.
– Мен ҳам заводдан 2018 йилда мажбуран шу ташкилотга ўтганман, – дейди Майрам Аннаева. – Аризани ҳам мажбур ёзганмиз. Ёлғиз онаман. Болаларимни ўзим боқаман. Ўшанда ташкилотчилар ҳаммаси яхши бўлишини айтганди. Ташкилот фаолият бошлаган йили бир муддат узлуксиз ойлик бериб турди, шундан бу ёғига аҳвол шу. Қачон у ёқ бу ёққа чиқсак ойлик беришади. Бўлмаса йўқ. Масалан, мен икки нафар фарзанд ўқитаман. Бизнинг тақдиримиз ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Бу ташкилотда ишлаётган аёлларнинг деярли ҳаммаси эҳтиёжманд, қўллаб-қувватлашга муҳтож. Кимга дардимизни айтишни билмаяпмиз. Лекин ишимизни қиляпмиз. 8 йилдан бери ишлайман. Иккита кредитим бор. Уйда қўлга илашадиган ҳеч нарса йўқ. Банк вакиллари ҳар ойни бошида келишади. Битта умидимиз ойликдан, у ҳам мана шу аҳволда.
Ишчиларнинг айтганларидан англашиладики, аҳвол ҳақиқатда жиддий. Ташкилот тузилганидан буён маош масаласи муаммо бўлиб келаётган экан. Улар эса ана шу маош ҳисобига кун кўришади. Хўш, нега маош кечиктириб тўланмоқда? Аслида муаммонинг илдизи қаерда?
Саволларга жавоб олиш мақсадида ташкилот раҳбари билан боғланишга ҳаракат қилдик. Биринчи қўнғироғимизга тезда етиб келишини билдирган раҳбар негадир учрашишдан бош тортди. Ҳувуллаган идорада эса бизга раҳбарнинг туман марказида эканлигини айтишди. Шундан сўнг ташкилотнинг иш тартиби билан қизиқдик. Бизга берилган маълумотларга кўра, «Эко ҳаёт» масъулияти чекланган жамияти завод билан шартнома асосида ободонлаштириш ишларини олиб боради. Бажарилган иш учун «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти томонидан пул кўчириб берилади. Пулни йўналтириш эса ташкилот раҳбарининг иши. Аввалига пул тушириб берилмагани туфайли маошлар кечикаётгандир, деган хаёлга бордик. Шу мақсадда Муборак газни қайта ишлаш заводи раҳбариятидан мазкур масалага изоҳ излаб кўрдик.

– “Эко ҳаёт” МЧЖ Муборак газни қайта ишлаш заводига шартнома асосида ободонлаштириш бўйича хизмат кўрсатади, – дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак газни қайта ишлаш заводи етакчи муҳандиси Исмоил Тилаков. – Бу бўйича завод томонидан тўловлар амалга оширилади. Бугунги кунда заводнинг “Эко ҳаёт” масъулияти чекланган жамиятидан муддати ўтган қарздорлиги йўқ.
Завод раҳбариятининг жавоби мана шундай бўлди. Ишчи ходимлар билан суҳбатимиз давомида улар иш шароити хусусида ҳам эътироз билдиришди. Овқатланиш, дам олиш, махсус кийим бош билан таъминлаш ҳам қониқарли аҳволда эмас. Боз устига маош ўз вақтида берилмайди. Ишимизни якунлаш арафасида ишчилар югур-югурлардан сўнг бир ярим ойлик маошлари берилганини айтиб қолишди. Раҳбар билан боғлана олмаганимиз сабабли маошнинг қолгани қачон берилишини билаолмадик. Ишчиларнинг ўз вазифаларини бажаришлари учун ноқулайлик туғдирадиган бундай ҳолатлардан раҳбарнинг ҳам хабардорлигига эса шубҳа йўқ.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Эко ҳаёт” масъулияти чекланган жамияти ишчиларига нисбатан отангга бор, онангга бор қабилида иш тутилаётган бир пайтда ҳақиқатда 160 нафардан зиёд ходимнинг тақдири ўз ҳолига ташлаб қўйилмоқда. Завод бизга тегишлимас, бажарган ишига яраша пулини ташлаб турибмиз деса, туман ҳокимлиги бизга қарамайди деса, унда ишчиларнинг тақдири нима бўлади? 160 кишилик жамоанинг тақдирига бу қадар бепарво қараш қанчалик тўғри бўларкан.
Мавзуга ҳали қайтамиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА