Янгиер шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Р. Усмонқулова узоқ йиллардан буён яшаб келаётган хонадонига эгалик ҳуқуқини қонуний жиҳатдан расмийлаштириш учун Янгиер шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилди.
Фуқаро мурожаатида қайд этилишича, у 2000 йилдан буён Шодиёна маҳалласидаги уйда истиқомат қилмоқда, бироқ хонадонни ўз маблағлари ҳисобига сотиб олганига қарамай, турли сабаблар туфайли мулк ҳуқуқи бошқа шахс номига расмийлаштирилган. Натижада Р. Усмонқулова ўз уйига эгалик ҳуқуқини қонуний жиҳатдан тасдиқлашда тўсиқларга дуч келган.
Ўрганиш жараёнида маълум бўлишича, фуқаро 25 йилдан ортиқ вақт давомида ушбу хонадонда узлуксиз, ошкора ва ўз мулкидек яшаб келган. Барча коммунал тўловлар ўз вақтида амалга оширилган, хонадон бир неча бор ўз ҳисобига таъмирланган. Ушбу ҳолатлар қўшниларнинг тушунтиришлари ва маҳалла далолатномалари билан ҳам тасдиқланди.
Мазкур мурожаат Янгиер шаҳар адлия бўлими томонидан кўриб чиқилиб, фуқаронинг манфаатлари асосида Фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига кўчмас мулкка эгалик қилиш фактини белгилаш тўғрисида даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ Р. Усмонқулова узоқ йиллардан буён яшаб келаётган хонадонга қонуний эгалик ҳуқуқига эга экани тасдиқланди.
– Ҳар бир фуқаронинг ўз уй-жойига нисбатан ҳуқуқини ҳимоя қилиш – адлия тизимининг асосий вазифаларидан бири, – дейди Янгиер шаҳар адлия бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Жавоҳир Комилов. – Р. Усмонқулованинг ҳолати шуни кўрсатдики, камида 15 йил узлуксиз ва ошкора яшаб келган шахс қонуний равишда ўз мулкига эгалик ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин. Бундай қарорлар фуқароларнинг ҳуқуқий хавфсизлигини таъминлаш, адолат ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 187-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги 16-сонли қарорининг тегишли бандларига асосан қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий нормаларга кўра, кўчмас мулкка камида 15 йил давомида ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс ушбу мол-мулкка нисбатан қонуний эгалик ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин.
Натижада, Р. Усмонқулованинг узоқ йиллардан буён яшаб келаётган хонадонга бўлган ҳуқуқи расман тасдиқланди, бу эса фуқароларнинг ўз уй-жойига нисбатан ҳуқуқий кафолатларига яна бир исбот ҳисобланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири