Эфиопия жанубидаги Гофа минтақасида, пойтахт Аддис-Абебадан 450 км масофада содир бўлган кўчки оқибатида камида 157 киши ҳалок бўлган.
АзерТАЖ хабарига кўра, ҳодиса 22 июль куни маҳаллий вақт билан соат 10:00 атрофида кучли ёмғирдан кейин кузатилган. Минтақавий ахборот агентлиги Гофа расмийларидан иқтибос келтириб, икки марта кўчки юз берганини маълум қилди. Биринчи фожиадан кейин одамлар жабрланганларга ёрдам беришга шошилган ва иккинчи кўчки остида қолган.
– Омон қолганларни қидириш давом этяпти, ҳали дараги чиқмаган шахслар бор, – деди Гофа Табиий офатларни бошқариш миллий агентлиги раҳбари Маркос Мелесе. – Ҳудуд ҳозир қийин аҳволда. Икки қишлоқдан 157 жасад топилди. Қурбонлар сони ортиши тахмин қилинган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Гуманитар ёрдам агентлиги маълумотига кўра, Эфиопия апрель ва май ойларида қисқа муддатли мавсумий ёмғирдан жиддий азият чекди. Натижада сув тошқини ва кенг кўламли ер кўчиши келиб чиқди.