Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил этилган "Eco Expo Central Asia 2025" халқаро экологик технологиялар кўргазмаси давом этмоқда.
19–21 июнь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг турли мамлакатларидан экология ва ўрмончилик соҳаси бўйича етакчи экспертлар, компаниялар, стартап лойиҳалар ҳамда ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Улар экотехнологиялар, иқлим барқарорлиги ва яшил трансформация йўналишларидаги энг илғор ютуқ ва ечимларини намойиш қилмоқда.

Кўргазмада вазирлик ҳузуридаги ташкилотлар томонидан махсус павильонлар ташкил этилган бўлиб, улар орқали Ўзбекистонда экология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инновацион ёндашувлар кенг ёритилмоқда.
Хусусан, "CАEх Uzbekistan" мажмуасида жойлашган "Яшил макон" павильонида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кенгайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар тақдим этилмоқда. Бу ерда мамлакатимиздаги ўрмон майдонларини кенгайтириш, яшиллик даражасини ошириш, ноёб ўсимликлар ва кўчатлар етиштириш каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар акс эттирилган. Ташриф буюрувчилар ўрмончиларнинг меҳр билан парвариш қилган ниҳол ва кўчатлар билан танишиш имконига эга бўлмоқдалар.

Ўрмонлар табиатнинг "ўпкаси" сифатида инсон ҳаёти, иқлим барқарорлиги, сув захираларининг мувозанати ҳамда бутун экотизим барқарорлигида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ҳам юртимизда ўрмонлар ҳудудини кенгайтириш ва уларни асраш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2024–2026 йиллар давомида ўрмон хўжаликларини техник жиҳатдан кучайтириш учун давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилмоқда. Жорий йилда 88 дона қишлоқ хўжалиги техникаси – 15 та трактор, 55 та культиватор, 13 та экскаватор ва 5 та сув ташувчи автомашина харид қилинди. Бундан ташқари, 2025 йилда ўрмон фонди ерларида умумий қиймати 12 миллиард 800 миллион сўмлик 27 та суғориш қудуғи барпо этилиши режалаштирилган. Айни пайтда улардан 12 тасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилган.
"Eco Expo Central Asia 2025" ўз ишини давом эттирмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА