Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Еco Art” расмлар кўрик-танлови ва “Эко заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди
12:35 / 2025-04-16

Жиззах вилоятидаги умумий ўрта таълим, касб-ҳунар техникумлари ва олий таълим муассасаларида 15 апрель – Экологияга оид билимлар кунига бағишлаб бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

Курраи заминимизда экологик вазият кун сайин кескинлашиб бораётган айни пайтда экологик муаммоларни бартараф этиш учун экологик билимларимиз юқори даражада бўлмоқлиги талаб этилади. Шу сабабдан ҳар йили дунёнинг кўплаб давлатларида Экологияга оид билимлар куни кенг нишонланиб келинмоқда.  

Бу кун Бразилиянинг  Рио-де-Жанейро шаҳрида 1992 йилда ўтказилган БМТ конференциясидаги атроф-муҳит муаммолари муҳокамасида инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик билимни тарғиб этиш мақсадида нишонлаш таклиф этилган эди. 33 йилдирки, Ўзбекистонда ҳам бу кун кенг нишонланиб келинмоқда.  

“Табиатини асраш ва экологик тафаккурни ривожлантириш йўлида бирга ҳаракат қиламиз!” шиори остида Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика университетида Ёш экологлар кенгаши томонидан “Эко ҳафталик” доирасида ўтказилган “Еco Art” расмлар кўрик-танлови кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.

Атроф-муҳитга меҳр, табиатга эътибор ва ижодкорлик уйғунлашган мазкур танловда талаба-ёшлар ўзларининг экологик мавзудаги ижодий ишлари билан иштирок этди.  

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан эълон қилинган жорий “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” ҳамда Экологияга оид билимлар куни муносабати билан ташкил этилган ушбу кўрик-танлов нафақат ёш рассомлар учун ўз иқтидорларини намоён этиш майдонига, балки экологик тафаккурни ривожлантиришга ҳам хизмат қилувчи муҳим қадамга айланганини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим, – дейди Жиззах давлат педагогика университети ректори, профессор Шавкат Шарипов. – Ушбу санани нишонлашдан кўзланган асосий мақсад – университетимиз талаба-ёшлари ва педагогик жамоасининг экологик билимини янада бойитиш ғоясини илгари суриш, аҳолида, айниқса, ёшларимизда экологик маданиятни ривожлантириш, жамиятнинг экологик хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ҳамда ҳар бир фуқарони табиатга ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашни тарғиб этишдир.

Шу ўринда ҳар бир тадбир иштирокчилари томонидан яратилган суратларда табиатни асраш, экологик муаммолар ва уларнинг ечимлари ўзига хос тарзда тасвирланганлигини ҳам алоҳида қайд этиш лозим.

Талабаларнинг энг яхши ишлари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан эътироф этилиб, ғолиблар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” ҳамда 15 апрель – Экологияга оид билимлар куни муносабати билан Жиззах вилоят Ёш экологлар ҳаракати кенгаши ҳамда воҳада фаолият кўрсатаётган “Эко+волонтёрлар” жамоаси ташаббуси билан Жиззах шаҳар 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Эко заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.

[gallery-22841]

– Бугун биз атроф-муҳитимизнинг тозалиги учун муҳим бўлган кун – Экологик билимлар кунини нишонлаяпмиз, – дейди Ёш экологлар ҳаракати кенгаши аъзоси, тадбир ташкилотчиларидан бири Жуманазар Холматов. – Бу кун табиат, унинг бойликлари ва атрофимиздаги дунёга ғамхўрлик қилиш муҳимлиги ҳақида маълумот тарқатишга бағишланган. Ушбу қизиқарли “Эко заковат” интелектуал беллашувини ўтказишдан асосий мақсад – ўқувчи-ёшларимизда экологик тафаккурни ривожлантириш ва уларнинг атроф-муҳит ҳақидаги билимларини янада бойитиш ва мустаҳкамлашдан иборатдир.  

Беллашувда ғолибликни қўлга киритган жамоа аъзолари сертификат ҳамда жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси жавонидан ўрин олган ноёб китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),

ЎзА мухбирлари