Футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг 7-тур баҳслари бугун старт олади. Мухлислар икки кун давомида кескин ва муросасиз баҳсларга гувоҳ бўлади.
Мазкур турнинг илк учрашуви "Қайрат" – "Брюгге" жамоалари ўртасида ўтказилади. Ушбу учрашувдан сўнг "Будё-Глимт" ва "Манчестер Сити" клублари баҳсига гувоҳ бўламиз. Мамлакатимиз вақти билан соат 22:45 да бошланадиган бу баҳс ўзбек футбол мухлислари учун алоҳида аҳамиятга эга. Сабаби, терма жамоамиз аъзоси Абдуқодир Ҳусанов "шаҳарликлар" сафида асосий таркибдан жой олиши кутилмоқда. Абдуқодир айни дамда жамоаси таркибида бир қатор ўйинларда ўзини кўрсатаётгани барчамизга маълум.

Мамлакатимиз вақти билан 21 январга ўтар кечаси соат 01:00 да "Вильярреал" – "Аякс", "Интер" – "Арсенал", "Копенгаген" – "Наполи", "Олимпиакос" – "Байер", "Реал Мадрид" – "Монако", "Спортинг" – “ПСЖ” ва "Тоттенҳэм" – "Боруссия Д" клублари ўзаро куч синашади.
Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 6-тур ўйинлари якунига кўра, “Арсенал” 18 очко билан жадвалда ҳамон етакчилик қилаётган бўлса, “Бавария” 15 очко билан иккинчи, “ПСЖ” эса 13 очко тўплаб, кучли учликдан жой олган. “Манчестер Сити” ва “Аталанта” клублари ҳисобида ҳам 13 тадан очко бор ва улар голлар нисбатига кўра 4–5 поғоналарда қайд этилмоқда.

“Интер”, “Реал Мадрид”, “Атлетико Мадрид” ва “Ливерпуль” каби топ-жамоалар 12 очко тўплаб, 6-9-ўринларга тақсимланган бўлса, “Боруссия Дортмунд” ва “Тоттенҳэм” 11 очко жамғариб, кейинги ўринларни банд этди. Ҳисобида 10 очко бўлган “Ньюкасл”, “Челси”, “Спортинг”, “Барселона” 12–15 ўринлардан, очколари 9 тага етган “Марсель”, “Ювентус”, “Галатасарой”, “Монако” ва “Байер” 16–20-поғонадан жой олган. Жадвалнинг 21-ўрнида “ПСВ” бормоқда. “Қарабоғ”, “Наполи”, “Копенгаген” 7, “Бенфика”, “Пафос”, “Юнион Сент-Жиллуаз” 6, “Атлетик” ва “Олимпиакос” 5 очко эвазига 22-29 ўринларда бормоқда.
ЕЧЛ мусобақасида муваффақиятсиз иштирок этаётган “Айнтрахт”, “Брюгге” битадан ғалаба ва дуранг қайд этган ҳолда 30–31 ўринларни банд этди. Ўтган олтита турда 3 очко тўплашга улгурган “Будё-Глимт”, “Славия Прага” ва “Аякс”, бор-йўғи 1 очкога эга чиққан “Вильярреал” ва “Қайрат” клублари жадвалнинг қуйи поғонасидан жой олган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА