Футбол бўйича Европа Чемпионлар лигасининг умумий гуруҳ босқичи 5-тур баҳслари ўтказилди. Унда бир қатор кутилмаган натижалар қайд этилди.
Ўзбекистонлик футбол мухлислари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган “Манчестер Сити” – “Байер” ўртасидаги ўйинда Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушди. Афсуски, учрашувда “Манчестер Сити” ўз майдонида рақибга 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ушбу ўйинда ҳужумкор ўйин кўрсатишга интилиши билан ажралиб турди. Гарчи 65-дақиқада захирага олинган бўлса-да, футболчимиз баҳс мобайнида 63 маротаба аниқ пас узатди, 3 марта рақибдан тўпни олиб қўйди ва бир маротаба “тозалаш” ҳаракатини бажарди. Шунингдек, дуэлларда 3 марта, ҳаводаги рақобатда 1 маротаба ғолиб чиқди. Унинг ушбу ҳаракатлари “Sofascore” нашри томонидан 6,7 баллга баҳоланди.

Турнинг марказий баҳсларидан бири “Челси” ва “Барселона” учрашуви бўлди. Унда Энцо Мареска бошчилигидаги “Челси” ўз майдонида Флик қўл остидаги “Барселона”ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

Ушбу баҳснинг 27-дақиқасида Жюль Кунде ўз дарвозасини ишғол қилган бўлса, иккинчи бўлимнинг 55-дақиқасида Эстевао “Барселона” ҳимоясини ёриб ўтиб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Шунингдек, Лиам Делап 73-дақиқада “Челси”нинг учинчи голига муаллифлик қилди.
Жозе Моуриньо бошчилигидаги “Бенфика” сафарда “Аякс” билан куч синашди ва 2:0 ҳисобида зафар қучди. “Галатасарой” эса ўз майдонида “Юнион”га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. “Ювентус” сафарда “Будё-Глимт” жамоасини 3:2 ҳисобида енгди. “Наполи” – “Қорабоғ” баҳси 2:0 ҳисобида якунланди. “Марсель” эса 46- ва 50-дақиқаларда Пьер-Эмерик Обамеянг томонидан киритилган голлар эвазига ўз уйида “Ньюкасл”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
“Боруссия Дортмунд” жамоаси “Вильярреал” дарвозасига жавобсиз 4 та гол урди. “Славия Прага” – “Атлетик” учрашувида ҳисоб очилмади.
Бугун, 26 ноябрь куни “Копенгаген” — “Қайрат”, “Пафос” — “Монако”, “Олимпиакос” — “Реал Мадрид”, “Ливерпуль” — “ПСВ”, “ПСЖ” — “Тоттенхэм”, “Атлетико Мадрид” — “Интер”, “Айнтрахт Франкфурт” — “Аталанта”, “Спортинг” — “Брюгге”, “Арсенал” — “Бавария” учрашувларига гувоҳ бўламиз.

Дарвоқе, ушбу ўйинлар орасида “Арсенал” – “Бавария” ва “Атлетико” – “Интер” қарама-қаршилиги марказий учрашувлар сифатида эътироф этилмоқда. Мазкур баҳслар Тошкент вақти билан тунги соат 01:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА