Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси плей-офф босқичи жавоб учрашувлари ўтказилди ва 1/8 финалга йўл олган барча жамоалар номи аниқланди.
Мазкур босқичнинг иккинчи кунги жавоб ўйинларида "Реал Мадрид" ўз майдонида "Бенфика"ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида таслим этди. Шу тариқа, “Қироллик клуби” умумий 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан ўз тарихида кетма-кет 29-мавсум ЕЧЛ 1/8 финалига йўлланма олди.
"ПСЖ” ўз майдонида "Монако" билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади ва икки ўйин якунига кўра, 5:4 ҳисобидаги муваффақиятга эришиб, нимчорак финалда ўйнайдиган бўлди. "Ювентус" эса "Галатасарой" жамоасини 3:2 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, ушбу босқичдан ўта олмади. Бунга сабаб, бир ҳафта олдин туринликлар сафарда 5:2 ҳисобида енгилган эди.

"Аталанта" ва "Боруссия Д” клублари баҳси 4:1 ҳисобида якунланди ва "Аталанта" умумий 4:3 ҳисобидаги ғалаба билан 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритди.
Нимчорак финалнинг эҳтимолий жуфтликлари билан танишинг (қуръага қадар бўлган ҳолат):
- ПСЖ — "Барселона"/"Челси";
- "Галатасарой" — "Ливерпуль"/"Тоттенхэм";
- "Реал Мадрид" — "Спортинг"/"Манчестер Сити";
- "Аталанта" — "Арсенал"/"Бавария";
- "Ньюкасл Юнайтед" — "Барселона"/"Челси";
- "Атлетико Мадрид" — "Ливерпуль"/"Тоттенхэм";
- "Будё-Глимт" — "Спортинг"/"Манчестер Сити";
- "Байер" — "Арсенал"/"Бавария".
Маълумот учун, 1/8 финал ўйинларининг қуръа ташлаш маросими 27 февраль куни мамлакатимиз вақти билан соат 16:00 да бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумдаги 1/8 финал ўйинлари 10-11 ва 17-18 март кунлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА