Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЕЧЛ: “Арсенал”, “Бавария” ва “ПСЖ" навбатдаги босқичга чиқди
11:29 / 2025-12-11

Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси умумий босқичининг 6-туридан ўрин олган барча ўйинлар ўз якунига етди.

Жумладан, турнинг марказий баҳсида “Реал Мадрид” ва “Манчестер Сити” жамоалари рақобатлашди. Унда Пеп Гвардиола шогирдлари 2:1 ҳисобида зафар қучди. Беллашувнинг 26-дақиқасида Родриго мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, орaдан саккиз дақиқа ўтгач, Нико О’Райли ҳисобни тенглаштирди. Танаффус арафасида эса Эрлинг Ҳоланд 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, жамоасига муҳим ғалаба келтирди.

Айни дамда мусобақа жадвалида биринчи поғонада турган Микель Артета қўл остидаги “Арсенал” клуби меҳмонда “Брюгге”ни йирик — 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдаги голларга Нони Мадуэке дубль ва Мартинелли муаллифлик қилди.

Амалдаги чемпион “ПСЖ” эса сафарда “Атлетик Билбао”га қарши ўйнади. Учрашув нурсиз дуранг билан якунланди. “Ювентус” клуби эса ўз уйида “Пафос”ни 2:0 ҳисобида таслим этди. Германияда ташкил этилган “Байер” – “Ньюкасл” ва “Боруссия Дортмунд” – “Будё-Глимт” тўқнашувлари 2:2 ҳисобида якунланди.

Португалиядаги баҳсда Жозе Моуриньо бошқараётган “Бенфика” 2:0 ҳисобида “Наполи”ни мағлубиятга учратди. “Аякс” сафарда “Қорабоғ” клубини 4:2 ҳисобида енгди.

Европа чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи 6-тур ўйинлари якунига кўра, “Арсенал” 18 очко билан жадвалда ҳамон етакчилик қилаётган бўлса, “Бавария” 15 очко билан иккинчи, “ПСЖ” эса 13 очко тўплаб, кучли учликдан жой олган. “Манчестер Сити” ва “Аталанта” клублари ҳисобида ҳам 13 тадан очко бор ва улар голлар нисбатига кўра 4–5 поғоналарда қайд этилмоқда.

“Интер”, “Реал Мадрид”, “Атлетико Мадрид” ва “Ливерпуль” каби жамоалар 12 очко тўплаб, 6-9-ўринларга тақсимланган бўлса, “Боруссия Дортмунд” ва “Тоттенхэм” 11 очко жамғариб, кейинги ўринларни банд этди. Ҳисобида 10 очко бўлган “Ньюкасл”, “Челси”, “Спортинг”, “Барселона” 12–15, очколари 9 тага етган “Марсель”, “Ювентус”, “Галатасарой”, “Монако” ва “Байер” 16–20-поғонадан жой олган. Жадвалнинг 21-ўрнидан “ПСВ” жой олган. “Қарабоғ”, “Наполи”,  “Копенгаген” 7, “Бенфика”, “Пафос”, “Юнион Сент-Жиллуаз” 6, “Атлетик” ва “Олимпиакос” 5 очко эвазига 22-29 ўринларда бормоқда.

ЕЧЛ мусобақасида муваффақиятсиз иштирок этаётган “Айнтрахт”, “Брюгге” битадан ғалаба ва дуранг қайд этган ҳолда 30–31 ўринларни банд этди. Ўтган олтита турда 3 очко тўплашга улгурган “Будё-Глимт”, “Славия Прага” ва “Аякс”, бор-йўғи 1 очкога эга “Вильярреал” ва “Қайрат” клублари жадвалнинг қуйи поғонасидан жой олган.

Дарвоқе, ЕЧЛ умумий гуруҳ босқичининг 7-тур баҳслари 2026 йилнинг 20–22 январь кунлари бўлиб ўтади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА