Футбол бўйича Европа чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичининг 3-тури доирасида кеча 9 та учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур турни бошлаб берган “Барселона” ва “Олимпиакос” учрашувида 6:1 ҳисоби қайд этилди. Ўйинда Фермин Лопес хет-трик қайд этган бўлса, Маркус Рэшфорд дублга эришди. Ламин Ямал эса пенальтидан гол урди. Меҳмонларнинг ягона голи эса Эл-Кааби томонидан киритилди.
Дарвоқе, Ламин Ямал ушбу беллашув орқали Чемпионлар лигасида 25 та ўйинда майдонга тушган энг ёш футболчига айланди. Испаниялик ҳужумчи шу тариқа “ПСЖ” ярим ҳимоячиси Заир-Эмерининг (19 ёш ва 32 кун) рекордини янгилади.

“Қайрат” – “Пафос” учрашувида ҳисоб очилмади. “Юнион” эса ўз майдонида “Интер” жамоасига 0:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. “ПСВ” ва “Наполи” учрашувида 6:2 ҳисоби қайд этилган бўлса, “Байер” ўз майдонида “ПСЖ”га 2:7 ҳисобида таслим бўлди. “Арсенал” эса “Атлетико Мадрид”ни 4:0 ҳисобида енгди. Шунингдек, “Копенгаген” — “Боруссия Д” 2:4, “Вильярреал” — “Манчестер Сити” 0:2, “Ньюкасл” — “Бенфика” 3:0 ҳисоблари қайд этилди.

Бугун, 22 октябрь куни соат 21:45 да “Галатасарай” – “Буде-Глимт”, “Атлетик” – “Қорабоғ”, соат 23:59 да эса “Бавария” – “Брюгге”, “Челси” – “Аякс”, “Реал Мадрид” – “Ювентус”, “Айнтрахт Франкфурт” – “Ливерпуль”, “Аталанта” – “Славия Прага”, “Спортинг Лиссабон” – “Марсель” ва “Монако” – “Тоттенҳэм” жамоалари ўзаро рақобатлашади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА