Эҳтиёжманд оилаларга 15 сотихдан ер ажратилди
Бу борада Хонобод шаҳрида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан коронавирус пандемияси даврида жойлардаги ишлар натижадорлигига эришиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда томорқачиликни янада ривожлантириш орқали аҳоли бандлиги ва даромадини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Хонобод шаҳрида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Халқ депутатлари Хонобод шаҳар кенгашининг OʼzLiDeP депутатлик гуруҳи ташаббуси билан шаҳар ҳокимлиги, халқ депутатлари шаҳар кенгаши ҳамда қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, мавжуд муаммолар ечимига кўмаклашиш мақсадида маҳаллаларда ўрганиш ишлари ўтказилди.
– Хонобод шаҳридаги мавжуд 14 та маҳалла фуқаролар йиғинида хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар натижасида 1 минг 989 та эҳтиёжманд, кам таъминланган оила борлиги аниқланди, – дейди халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Жалолиддин Маматов. – Ўрганиш давомида ўша оилаларнинг яшаш шароитлари, имкониятлари ва оила аъзоларининг бандлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўрганишлардан сўнг эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида 450 та оилага 15 сотихдан ер майдони ажратилди. Бугун ана шу оилалар ажратиб берилган ерларда деҳқончилик қилиб, сабзавот ва полиз экинларини парваришламоқда. Ҳосил олингач, ўз истеъмолидан ортган маҳсулотларни бозорда сотиб, даромад олиш мумкин бўлади. Бу албатта, уларнинг турмуш фаровонлигини ошишига ёрдам беради.
Умуман, Хонободда ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган бу каби ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бу борадаги ишларда халқ депутатлари Хонобод шаҳар кенгашининг OʼzLiDeP депутатлик гуруҳи ўзларининг таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, «Кампирровот» маҳалласидаги Қорадарё ўзани жойлашган 44 гектардан иборат фойдаланилмай турган ер майдонига замонавий сув ҳавзалари мавжуд дам олиш маскани қуриш, қисқа муддатларда гид, официант, меҳмонхона менежерлари ва хизматчилари, миллий ва жаҳон таомларини моҳирлик билан тайёрлайдиган ошпазлар, қандолатчилар тайёрлайдиган ўқув маркази ташкил этиш, шунингдек, «Хонобод тарихи»ни, туристик имкониятларини акс эттирадиган бир неча тилда буклет ва видеороликлар тайёрлаб, дам олувчилар ва меҳмонларга тақдим этиш сингари депутатлар томонидан илгари сурилаётган қатор таклиф ва ташаббуслар Хонободни Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.