Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Эҳтиёткорлик ва масъулият барқарор келажак кафили
10:08 / 2020-04-09

Коронавирус пандемияси дунёда энг авж палласига кўтарилмоқда.

Дил изҳори 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Коронавирус пандемияси дунёда энг авж палласига кўтарилмоқда. Кечагина Хитой Халқ Республикасига тикилган нигоҳлар бугун Европа ва АҚШга қаратилган. Кишини ўйлантирадиган жиҳат шуки, маданий даражаси, турмуш шароити ниҳоятда юксак бўлган мамлакатлар энг кўп талафотга учраяпти. Демак, бу ҳолатдан жиддий хулоса чиқаришимиз зарур.

Яратганга шукрки, Ўзбекистон бу вирус олдида эсанкираб қолмади, хотиржамликни сақлади, кераксиз ваҳималарга берилмади. Президент, ҳукумат ва халқнинг бирлиги айнан шу кунларда яққол намоён бўляпти. Аввал бошданоқ Президентимиз айтган, бугун шиорга айланган “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган фикр ўзининг тўла амалий исботини топди.

Бир ёмоннинг бир яхшиси бор, деганидек, бу мушкул синов халқимизни том маънода инсонийлик синовига дучор қилди. Халқимизнинг исломий эътиқоди, миллий-маънавий қадриятлари, кейинги йилларда маънавий-маърифий тарбия борасидаги ишлар ўзининг самарасини кўрсатди. Халқимиз фақат дард туфайлимас, балки дунёқараши ўзгаргани боис ҳам ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқда.

Бу, жуда қувонарли ҳол. Биз бу касаллик чекиниб, ҳаёт яна изга тушгач янги халқ, янги Ўзбекистон бўлиб қайта туғиламиз, шунда ҳаётдаги барча қадриятларга муносабатимиз бошқачароқ бўлади, деб ўйлаймиз.

Иқтисодиёт соҳаси, қишлоқ хўжалигида юз берган ислоҳотлар ҳам айнан шу кунларда самарасини беряпти. Озиқ-овқат таъминотида бирор жиддий муаммо чиққанини эшитганимиз йўқ. Аксинча, ҳиммат, саховат тушунчалари бугун одамлар тилида тадбиркорларнинг амалий ишларида яққол кўриняпти. Яна бир қувончли ҳол, бу – китоб ўқишга қайтаётганимиз. Президентимиз китобхонликни давлат сиёсати даражасига кўтарганди. Бу ҳам ўзининг жуда яхши натижасини намоён қиляпти. Каттадан кичиккача китоб ҳаётда нега кераклигини яна ҳис этяпти.

Уй-жойлар ободонлиги, каму кўстга эътибор, оилавий меҳр-оқибат барчаси бугун ҳар бир хонадоннинг асосий машғулоти бўлиб қолди. Маҳалла институтининг ўрни ҳам бугун жуда кучайди. Ёшу қари, барча оила, одамларнинг ҳаммаси маҳалла назорати ва эътиборида. Ташқаридан бирор бегона куч ё ҳодиса маҳалла аҳлига дахл қилолмас даражада мустаҳкам қўрғон барпо бўляпти. Буни бизнинг Исломобод маҳалласи мисолида хам кузатиш мумкин. Халқнинг, Президентнинг, ҳукуматнинг бирлиги бизни, албатта, бу мураккаб вазиятдан энг кам талафот билан олиб чиқади. Бунга барчамизнинг ишончимиз комил.

Шу кунларда бутун жаҳон халқига синов бўлиб турган коронавирус пандемияси барчани бирдек огоҳ бўлишга ундаяпти. Юзага келган вазиятдан талафотсиз чиқиш ўзимизнинг қўлимизда. Келган ташвишни итоат ва сабр билан бартараф қилиш, осойишталик ва тартиб-интизомни бош мезон сифатида қабул қилиш ҳозир жуда зарур.

Жойларда кам таъминланган, эҳтиёжманд инсонларга нафақат моддий ёрдам кўрсатиш, уларнинг руҳиятини кўтариш, маънавиятини соғломлаштириш, мадад бериш учун қилинаётган бағрикенглик намуналари таҳсинга сазовор бўлмоқда.

Маҳалладаги барча оилалар карантин даврида, ўз соғлиғини сақлаш мақсадида уйда қолиб, томорқасида меҳнат қилмоқда. Кимдир бепул ниқоб, яна кимлардир озиқ-овқат тарқатиб, яна бошқалар солиҳ дуолари ила қўллаб-қувватламоқда.

Серикбай УСЕНОВ,
Тошкнт шаҳри Юнусобод туманидаги
“Исломобод” МФЙ раиси,
Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси.