Бугунги кунда ҳар бир соҳага замонавий ахборот технологиялари кириб бормоқда.
Мамлакатимизда ҳам соҳаларга мазкур тизимни қўллаш амалиёти сезиларли равишда ўсмоқда. Табиийки, ахборотлаштириш жараёни ўз самарасини кўрсатаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Агросаноат” мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ягона электрон иш юритув – “E-ma`muriy ish” тизими бўйича ташкил этилган мазкур ўқув-амалий семинарида ҳам бу борадаги ишлар, ютуқлар тилга олинди.
Вилоят бошқармаси ва унинг туман бўлимлари ходимлари учун ўтказилган ушбу тадбирда қайд этилганидек, 2020 йил 24 июндаги 407-сонли ҳукумат қарори ижроси доирасида яратилган мазкур тизим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳужжатлар алмашинувини масофадан туриб, амалга ошириш имконини беради.
– Ушбу тизимга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган органлар қатори “Агроинспекция” ҳам уланган, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси маъмурий амалиёт бўлими катта инспектори Ойбек Муродов. – Тизим Олий суднинг “E-XSUD” ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг “МИБ портал” ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Ҳозирги кунда янги ягона ахборот тизими ёрдамида маъмурий ҳуқуқбузарликларни қайд этиб бормоқдамиз.
Семинарда таъкидланганидек, “E-ma`muriy ish” ягона ахборот тизими ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг узвий боғликлигини таъминлаб, расмийлаштирилган ҳужжатларни электрон ҳолатда сақлаш имкониятини беради. Энг асосийси, жисмоний ва юридик шахслар ўзларига нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённомалар қай ҳолатда эканлигини тўлиқ назорат қилиб бориши мумкин.
Маълумот учун, ушбу ягона ахборот тизими орқали Инспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан 2 минг 728 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўриб чиқилган. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, яъни судларга 317 та материал қонуний баҳо бериш учун юборилган.
Семинар иштирокчиларига мазкур тизимдан фойдаланиш қонун-қоидалари амалий кўрсатиб берилди.
[gallery-4750]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА