Шу кунларда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтаётган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда.
Бош мураббий Алексей Будолин етакчилигидаги дзюдочиларимиз режага кўра, 11-18 январь кунлари кунчиқар юртнинг Кокушикан, 18-24 январда Токайи, 24-30 январь кунлари эса Ниҳон университети қошидаги дзюдо марказида машғулот ўтказиши белгиланган.

Маҳоратли ва тажрибали спортчиларимиз Давлат Бобонов, Алишер Юсупов, Шаҳрам Аҳадов қаторида ёш дзюдочилар Баҳром Ботуров, Самариддин Қўчқоров, Замоҳшари Бекмуродов, Абдураҳим Нутфуллоев, Арслон Тожиев, Шаҳзодхўжа Шарипов, Умар Бозоров, Эрназар Сарсенбаев иштирок этаётган машғулотларда Япония ва Туркия терма жамоаларининг аъзолари ҳам қатнашмоқда.
Кунчиқар юртда ўтаётган йиғин терма жамоамиз учун февраль-март ойларида пойтахтимизда ташкил этиладиган йилнинг илк халқаро мусобақаси – “OTP Group Tashkent Grand Slam 2026”га тайёргарликнинг муҳим босқичи ҳисобланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА