Дзюдочиларимиз яна шоҳсупага кўтарилди
Пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена” спорт мажмуасида дзюдо бўйича “OTP Group Tashkent Grand Slam 2026” турнири қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтмоқда.
“Катта дубулға” туркумидаги ушбу мусобақанинг -73 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шаҳрам Аҳадов финалга қадар барча рақибларини енгиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Мазкур вазн тоифасида бронза медали учун кечган беллашув эса икки нафар ўзбекистонлик спортчи — Муҳаммад Жумаев ҳамда Элбек Тожиев ўртасида бўлиб ўтди.

Қизиқарли кечган қарама-қаршилик якунида Э.Тожиев ғалабага эришиб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Шунингдек, -81 кг. вазн тоифасида эса Муроджон Йўлдошев терма жамоамиз ҳисобига яна бир бронза медалини тақдим этди. Эслатиб ўтамиз, куни кеча “OTP Group Tashkent Grand Slam 2026” турнирида Шукуржон Аминованинг олтин ва Достон Рўзиев бронза медалини қўлга киритган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА