Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида талабалар ўртасида III Туркий давлатлар универсиада ўйинларининг дзюдо мусобақалари якунланди.
Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистон жамоалари қатнашаётган ўйинларнинг дзюдо беллашувларида талаба-дзюдочиларимиз 4 та олтин, 4 та кумуш, 4 та бронза, жами 12 та медаль билан умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Мусобақалар давомида 5 та олтин медаль жамғарган Қозоғистон терма жамоаси 1-ўриндан жой олди.
Улуғбек Азизов ва Азиз Тошматов мураббийлигидаги терма жамоамиз аъзоларидан Ҳожиакбар Тошев, Зарина Жамолова, Райҳона Маматова, Моҳларойим Тўхтамишева олтин, Шоҳжаҳон Отабоев, Муҳаммадали Тангриев, Рухшона Алишерова, Маржона Нуриллаева кумуш, Нодир Мавлонбердиев, Камолиддин Бахтиёров, Сардорбек Эркинов ва Ширинжон Йўлдошева бронза медалларига мушарраф бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрга қадар давом этадиган III Туркий давлатлар универсиада ўйинларида мамлакатимиз спортчилари шахмат, стол тенниси, волейбол, эркин ва юнон-рум кураши ҳамда футзал мусобақаларида иштирокини давом эттирмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА