Бугун, 19 январь куни 11 нафар дзюдочидан иборат Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ташкил этиладиган халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиш учун жўнаб кетади.
Кеча мазкур халқаро ўқув-машғулот йиғини олдидан Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов мураббий ва дзюдочилар билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида 2026 йилги масъулиятли мусобақалардаги натижалар тайёргарликка боғлиқ экани, ўтган йилги спорт мавсумида йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш лозимлиги таъкидланди.

Суҳбат жараёнида мураббий ва спортчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Учрашувда ўзбек дзюдоси афсонаси, уч карра Олимпия ўйинлари совриндори Ришод Собиров иштирок этиб, яратилган шароитларга муносиб бўлиш лозимлигини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжонда 31 январга қадар давом этадиган халқаро ўқув-машғулот йиғинида бир қатор давлатларнинг миллий терма жамоалари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА