Термиз шаҳар якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида япониялик мутахассис тажрибали мураббий, 5-ДАН қора белбоғ соҳиби, халқаро лицензияга эга мураббий Жунна Кикучи иштирокида дзюдо бўйича ўқув-йиғин машғулотлари ўтказилмоқда.
–Машғулотларни япониялик дзюдо мутахассиси олиб бораётганлиги сабабли ёш спортчиларда, уларнинг ота-оналарида қизиқиш юқори. Залнинг ҳажми ва йиғин дастуридан келиб чиқиб, мазкур машғулотга воҳанинг шаҳар ва туманларидан сараланган ўсмир ўғил-қизлар жалб этилган. Келгусида бошқа спорт турларида ҳам хорижлик тажрибали мутахассислар иштирокида шундай йиғинларни ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу маҳоратли ёшларни аниқлаш, саралаш, уларнинг маҳорати ошишига хизмат қилади, –дейди Сурхондарё вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Равшан Маҳмудов.


Машғулотлар давомида ёш спортчилар япон дзюдо мактабининг илғор техникалари, тажриба ва амалий кўникмаларини ўзлаштирмоқда.

Бундай маҳорат сабоқлари ёш дзюдочиларнинг спорт маҳоратини ошириш ва келгусида юқори натижаларга эришишида муҳим аҳамият касб этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА