Дзюдочилар халқаро машғулотни қайси давлатда ўтказади?
Жорий йил давомида дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларини жаҳоннинг турли давлатларида ўтадиган бир-биридан қизиқарли ва масъулиятли чемпионатлар, Гран-при турнирлари, хусусан ёзги Осиё ўйинлари кутиб турибди.
Мазкур мусобақаларда муносиб натижаларга эришишда халқаро спорт майдонларида ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинларининг аҳамияти беқиёс.
Хўш, юртимиз дзюдочилари жорий йилги илк халқаро ўқув-машғулот йиғинини қайси давлатда ўтказади?
Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабарига кўра, куни кеча пойтахтимизда ўтказилган бир ҳафталик машғулотларни якунлаган эркаклар терма жамоаси бугун, 9 январь куни илк халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун дзюдо ватани Японияга жўнаб кетади.
Мазкур сафар олдидан дзюдочиларимиз Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказида тиббий текширувдан ўтказилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА