Болгария пойтахти София шаҳрида Халқаро дзюдо федерацияси тақвимидаги йилнинг илк нуфузли мусобақаси – “Sofia European Open” баҳслари Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун муваффақиятли якунланди.
Бешта қитъанинг 39 давлатидан 385 нафар дзюдочи иштирокида турнирнинг совринли ўринлари ҳамда халқаро рейтинг очколари учун кечган шиддатли беллашувларда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари ўз имкониятини синовдан ўтказди.

148 нафар дзюдочи қизлар ўртасида 7 та вазндаги курашларда терма жамоамизнинг 12 нафар аъзоси иштирок этди.
Икки кунлик турнир якунларига кўра, терма жамоамиз аъзоларидан Лазиза Ҳайдарова -48 килограммда кумуш, 52 килограммда Сита Қадамбоева ва -63 килограммда Маржона Нуруллоева бронза медалларини қўлга киритди.

Ёш дзюдочи қизимиз Лазиза Ҳайдарова саралаш беллашувларида АҚШ, Испания, Косово терма жамоаси аъзоларини мағлуб этди. Финалда эса япониялик Рин Хатаямага кичик ҳисобда йўл бериб, 2-ўрин билан кифояланди.
Сита Қадамбоева бронза медали йўлида Туркия, Косово вакилларини, Маржона Нуруллоева эса Хорватия, Болгария ва Франция терма жамоаси аъзоларини доғда қолдирди.

Шунингдек, мазкур турнирда терма жамоамиз аъзоларидан Улбусин Ҳакимова, Севинч Муродова, Фотимахон Турсунбоева, Муҳайё Аҳматова, Хуршида Раззоқбердиева ўз вазн тоифаларида 5-7-қаторлардан жой эгаллаш асносида муҳим рейтинг очколарини жамғарди.
Т.Рўзиев, ЎзА