Бугун, 29 январь куни дзюдо бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Тошкент вилоятининг Дукент шаҳарчасида ташкил этилган ўқув-машғулот йиғинларини якунлаб, Болгарияда ўтадиган илк хориж йиғинига йўл олди.
Сафар олдидан Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов дзюдочи қизлар ва мураббийлар штаби билан учрашув ўтказди.
Мулоқот жараёнида терма жамоа бош мураббийи Андрей Штурбабин ҳар бир спортчининг жисмоний ва руҳий ҳолати, спортчиларнинг ютуқ ва камчиликлари, техник-тактик имкониятлари хусусида ахборот берди.

Учрашувда йиғинга йўл олаётган дзюдочи қизларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди.
Суҳбат якунида жорий йил "Лос-Анжелес-2028" Олимпиадасига тайёргарликнинг биринчи босқичи эканлиги айтиб ўтилди. Шу жиҳатдан, терма жамоамиз аъзоларини масъулиятли мавсум кутаётгани, жаҳон ва Осиё чемпионатларида, халқаро турнирларда, хусусан Японияда бўладиган ёзги Осиё ўйинларида юксак натижаларга эришишда юқори маҳоратга эга бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Т.Рўзиев, ЎзА