Дзюдочи қизларимиз Ар-Риёдда 10 та медалли бўлди
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида мамлакат спорт вазирлиги ҳамда дзюдо федерацияси ташаббуси билан клублар ўртасида “Қироллик очиқ чемпионати” мусобақаси бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли турнирда Жамшид Худойберганов мураббийлигидаги дзюдо бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди. Ёшлар ва катталар ўртасидаги беллашувларда қизларимиз 8 та олтин ва 2 та кумуш, жами 10 медални қўлга киритди.
Жумладан, ёшлар орасидаги баҳсларда Маҳфира Рўзибоева, Моҳинур Аллабергенова, Нигина Сапарбаева ҳамда Шоира Аминова олтин, Гулғунча Кўкламова эса кумуш медалга сазовор бўлди. Катталар ўртасида Халима Қурбонова, Сарвиноз Ҳусанова, Шохиста Назарова, Фотима Қуранбоева ўз вазнида чемпионга айланган бўлса, -70 кг.да Фарангиз Ҳожиева иккинчи ўриндан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА