Дзюдо: Йилнинг энг кучлилари овоз бериш орқали аниқланади
Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) 2024 йилги спорт мавсумида турли йўналишлар бўйича энг яхши бўлишга номзодларни аниқлаш борасида эълон қилган йўналишларида мамлакатимиз вакиллари ҳам борлиги эътиборли.
Унга кўра, Ўзбекистон дзюдо федерациясининг ташаббуси билан ташкил этилган болалар учун махсус лойиҳаси, “Париж-2024” Олимпия ўйинлари олтин медали соҳибаси Диёра Келдиёрованинг япониялик Ута Абе устидан қозонган ғалабаси, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийи Марко Шпиттка, Муҳаммад Жумаевнинг “Катта дубулға” турниридаги усули номинацияларда 2024 йилнинг энг яхшиси бўлишга номзод сифатида кўрсатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Диёра Келдиёрова “Йилнинг энг яхши аёл дзюдочиси” бўлишга даъвогарлардан бири саналади.
Номзодлар овоз бериш йўли орқали аниқланади. Якуний натижалар келгуси йилнинг 10 январида эълон қилинади.
Т.Рўзиев,
ЎзА