Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дзюдо: Янги вазифалар белгилаб олинди
08:25 / 2025-10-15

Ўзбекистон дзюдо федерациясининг 2024 йил ҳамда 2025 йилнинг ортда қолган тўққиз ойи якунларига бағишланган ҳисобот сайлов йиғилишида мамлакатимиз якка кураш спорт турлари тарихида илк бор аёл киши раис ўринбосари лавозимига сайланди.

Йиғилиш давомида федерация мутасаддилари, барча ёш тоифасидаги терма жамоаларнинг мураббийлари, ҳудудий бўлимларнинг ижрочи директорлари ва масъуллари онлайн ва офлайн тарзда иштирок этиб, тегишли бўлим бошлиқлариннинг ҳисоботларини тинглашди.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида дахлдор ташкилотлар билан дзюдонинг ривожини таъминлаш борасида ҳамкорлик меморандумлари имзолангани, юртимизда хорижий терма жамоалар иштирокида  қўшма машғулотлар ўтказилганлиги, халқаро мусобақалар ва тадбирлар юқори савияда ташкил этилганлиги эътироф этилди.

Терма жамоаларимизда хорижий мураббийлар фаолият юритаётгани, клублар дзюдоси йўлга қўйилгани маҳоратли спортчиларни камолга етказишга хизмат қилаётганлиги қайд этилди.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб келган Ксения Гулямова делегатларнинг овоз бериши натижасида раис ўринбосари вазифасига сайланди.

Муҳокамалар якунида Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов олдинда турган муҳим масалалар хусусида тўхталиб, барча йўналишларда ислоҳотларни давом эттириш, терма жамоаларни нуфузли мусобақаларга тайёрлаш, машғулотларда самарадорликка эришиш ватанимиз спортининг обрў-эътибори йўлидаги муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

Т. Рўзиев, ЎзА