Бугун, 1 март куни пойтахтдаги “Ҳумо Арена” спорт мажмуасида давом этаётган дзюдо бўйича “OTP Group Tashkent Grand Slam 2026” турнирининг сўнгги кунида оғир вазн тоифасидаги беллашувлар бўлиб ўтади.
Эркаклар ўртасида -90, -100, +100 килограммда, аёллар баҳсида эса -78 ва +78 оғирликда ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Кун давомида ташкил этиладиган муросасиз баҳсларда Ўзбекистон терма жамоасининг 19 нафар аъзоси татамига чиқади.

Улар орасида Олимпия ўйинлари совриндорлари Давлат Бобонов, Алишер Юсупов ва Музаффарбек Тўрабоев юртимиз дзюдо ихлосмандларининг ишончини оқлаш учун беллашади. Ортда қолган икки кунлик мусобақалар сарҳисобига кўра, медаллар жамғариш борасида 3 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медали билан Япония вакиллари умумжамоада етакчилик қилмоқда.

Иккинчи ўринда бораётган Озарбайжон жамоаси ҳисобида 2 та олтин ва 1 та кумуш медаль мавжуд. Ўзбекистон спорт делегацияси икки кунлик баҳслар ҳолатида 1 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медали билан учинчи ўринни банд этган. 39 давлат вакиллари қатнашаётган Тошкент татамисидаги халқаро турнирда ҳозирча 16 давлат спортчилари камида битта медалга эгалик қилиб турибди. Эслатиб ўтамиз, кеча ўтказилган “OTP Group Tashkent Grand Slam 2026” мусобақаларида ҳамюртларимиздан Шаҳрам Аҳадов кумуш, Элбек Тожиев ва Муроджон Йўлдошев бронза медалларини қўлга киритди.
Т.Рўзиев, ЎзА