Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов терма жамоа аъзолари ва мураббийлар штабида фаолият кўрсатаётган мутахассислар билан ўтказган учрашувида айтиб ўтди.
Мулоқот давомида жорий йилнинг июль ва август ойларида Қозоғистон ва Болгарияда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтган Осиё ва жаҳон чемпионатларида ёш дзюдочиларимиз умумжамоада 1-ўринни эгаллаб, ўзбек дзюдосининг халқаро майдондаги қудратини кўрсатгани эътироф этилди.

Шундай шароитда, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда катталар терма жамоаси ҳам бу юксак мақомга эришиш йўлида қатъият кўрсатиши кераклиги билдирилди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси А.Комилов учрашув чоғида мураббий ва мутахассислар, спортчилар билан жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Чехиянинг Прага шаҳрида бўладиган Европа очиқ кубоги, 26-28 сентябрда Хитойда ўтадиган "Циндао-2025" Гран-при турнирларига тайёргарлик ҳолатини муҳокама қилди.

"Токио-2020" олимпия ўйинлари совриндори Давлат Бобоновнинг жароҳатдан кейин яна катта спортга қайтгани, "Париж-2024" совриндори Алишер Юсупов билан биргаликда Валенсия ва Японияда ўтказган ўқув-машғулотлари борасида сўз юритилиб, Ўзбекистон катталар терма жамоасининг халқаро мусобақаларда ўртамиёна қатнашишга ҳаққи йўқлигига эътибор қаратилди.
Ҳар бир спортчи ва мураббий билан суҳбат жараёнида уларни қийнаётган масалалар, машғулот юкламаларининг сифати, кундалик турмуш тарзи каби жиҳатлар борасида фикр-мулоҳазалар тингланиб, халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришиш ҳар бир спортчининг, мураббийнинг вазифаси экани таъкидланди.
Т.Рўзиев, ЎзА