Ўзбекистон дзюдо федерацияси мамлакатимиз дзюдочиларининг халқаро майдондаги натижаларини янада яхшилаш мақсадида германиялик мутахассис Марко Шпитка билан шартнома имзолади.
Унда Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов иштирок этди.
Айтиш жоиз, 1971 йили Германияда таваллуд топган Марко Шпитка спортдаги фаолияти мобайнида Европа чемпионлигига эришган, жаҳон чемпионати (1997) ҳамда Атлантада ўтган Олимпия ўйинларида бронза медалини қўлга киртиган. Мураббийлик фаолияти давомида Австрия терма жамоаси билан катта ютуқларга эришди. Дзюдо бўйича 5-Дан қора белбоғ соҳиби.
Германиялик тренер ўтган йили декабрь ойида Тошкентда ўтган катталар ўртасидаги мамлакат чемпионатида бахсларни бевосита кузатиб бориб, терма жамоага номзод спортчилар билан яқиндан танишган.
Дзюдо федерацияси мутахассисларининг фикрича, Марко Шпитка каби маҳоратли мураббийларнинг терма жамоамизда фаолият бошлаши давлатимиз раҳбарининг “2024 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида” Қарорида кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлашда муҳим омил бўлади.
Миллий олимпия қўмитаси ахборотида айтилишича, айни пайтда мамлакат дзюдочиларининг бош мураббийи Илиас Илиадис ўз вазифасида ишни давом эттиради. Марко Шпитка эса Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар таркибида Камол Муродов, Нурали Қобулов, Жамшид Худойберганов, Нелля Киямова, Рафгат Измайлов, Искандар Расулов, Қаҳрамон Нуриллаевлар билан ҳамкорликда белгиланган режаларни мувофиқлаштирган ҳолда ўқув-машғулот йиғинларида спортчиларнинг техник-тактик маҳоратини оширишда бевосита иштирок этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА