Шу кунларда дунё спорт ихлосмандларининг диққат-эътибори Франция пойтахти Парижда ўтаётган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларининг шиддатли беллашувларига қаратилган.
32 та спорт тури бўйича кечадиган тўрт йилликнинг оламшумул мусобақалари орасида дзюдо баҳслари жозибаси билан ажралиб туради.
Хўш, Ўзбекистон дзюдочиларидан қандай натижалар кутишга ҳақлимизу, уларнинг имконият даражаси қандай?
Албатта, дунёнинг энг кучли спортчилари, жаҳон ва қитъа чемпионлари, Олимпия ва қитъа ўйинларининг ғолиблари, Халқаро дзюдо федерацияси рейтингида етакчилик қилаётган энг саралар иштирок этаётган «Париж-2024»нинг дзюдо мусобақаларида кимнинг имконияти қандай деган саволга бир сўз билан жавоб бериш қийин масала. Аммо жорий йил давомида қатор кўрсаткичларни, натижаларни янгилаб келаётган Ўзбекистон дзюдо терма жамоаси Олимпия ўйинларида ҳам янги муждалар тортиқ этишини истаб қоламиз ва бундай шарафга – Франция татамиларида шов-шувли ғалабалар, тарихий ютуқлар қўлга киритишга ҳақли эканлигини таъкидлагимиз келади.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов «Париж-2024» Олимпиадасидаги иштирокини бошлаш остонасида турган терма жамоамиз аъзолари билан учрашувда шу ҳақда сўз юритди.
Мулоқот давомида Париж Олимпиадасигача машаққатли йўл босиб ўтилгани, бундай катта миқёсдаги мусобақада қатнашиш ҳаммага ҳам насиб этавермаслиги, медаль учун бор имкониятни ишга солиш кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, терма жамоа мураббийлари Илиас Илиадис ва Марко Спиттка ёзги Олимпия ўйинларининг аҳамияти хусусида тўхталди. Шу кунгача ортда қолган барча халқаро мусобақаларда тарих янгилангани, навбат Олимпия ўйинларига келганини эътироф этиб, дзюдочиларимиз Ўзбекистон олимпия ҳаракатининг яратилаётган янги тарихининг бир қисми бўлишига ҳақли эканини, халқ ишончини оқлаш, унга муносиб бўлиш улуғ саодатлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Олимпия ўйинларининг дзюдо мусобақалари 27 июль-3 август кунлари бўлиб ўтади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/8p2nf2qcs_M?si=LA0xej9prjFz4hdu" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тўлқин Рўзиев, ЎзА