Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дзюдо: Ўзбекистон олтин медалли 9 та давлат қаторидан жой олди
10:00 / 2022-01-31

Португалияда дзюдо бўйича йилнинг илк гран-при турнирининг сўнгги кунида 3 нафар дзюдочимиз ўз вазнларида ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Бир кун муқаддам 73 килограм оғирликдаги баҳсларда ҳамюртимиз Муроджон Йўлдошев барча рақибларини, жумладан финал беллашувида испаниялик Салвадор Касес Рокани иппон эвазига мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритгани ҳам мусобақанинг сўнгги кунида татамига чиққан вакилларимизга руҳий далда бера олмади.

Дастлаб 90 килограммда Достон Мейлиев саралаш баҳсларини муваффақиятли бошлади. Афсуски, 1/4 финал йўлланмаси учун курашда тожикистонлик тажрибали спортчи Комроншоҳ Устопириёнга тенг баҳсда огоҳлантиришлар ҳисобига ютқазиб қўйди. Тожикистон вакили эса мусобақани 3-ўрин билан тугатди.

100 кило оғирликда беллашган Ақлмуродбек Худойбердиев эса илк даврада франциялик Йорис Aгбегненуга қўшимча вақтда имкониятни бой берди. Ҳамюртимиз тўсиғидан қийинчилик билан ўтган франциялик спортчи баҳслари якунига кўра, 7-ўрин билан кифояланди.

Португалия гран-присида аёллар ўртасида 78 кг вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Ирисхон Қурбонбоева медаллар учун баҳснинг саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказди. Чорак финал остонасигача етиб келди. Бироқ, ярим финалга ўтишда польшалик Европа чемпионати совриндори Беата Пакут ҳамюртимиздан устун эканлигини кўрсатди. Аммо якунда у ҳам рақибаларига йўл берган тарзда 5-ўрин билан кифояланди.

Омадсизлик ортидан омадсизлик келади деганларидек, Ирисхон бронза медали учун курашда англиялик Эмма Рейдга ҳам йўл беришга мажбур бўлди ва нуфузли мусобақани 7-ўрин билан якунлади.

Таъкидлаш лозимки, Португалияда якунланган йилнинг илк нуфузли дзюдо мусобақасида иштирок этган 41 та давлатнинг 9 таси олтин медалларни қўлга киритган бўлса, улар орасида юртимиз спортчилари ҳам борлиги эътиборли бўлди. Халқаро турнир мундарижасига биноан, турнирда 41 та давлатдан 25 таси олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди.16 даувлат спортчилари эса бирон бир совринли ўринга кўтарила олишмади.

Умумжамоа ҳисобида 4 та олтин медаль билан Жанубий Корея дзюдочилари 1-ўринни, 2 тадан олтин медалга эга чиққан Недерландия ва Португалия вакиллари кейинги поғоналардан жой олди. 1 тадан олтин медалларга эга чиққан Хорватия, Бразилия, Молдова, Бельгия, Ўзбекистон ва Косова спортчилари мос равишда кейинги қаторлардан ўрин олишди.

Энди мамлакатимиз дзюдочилари жорий йил 5-6 февраль кунлари Франция пойтахти Парижда дунёнинг 58 та давлатидан 350 нафарга яқин дзюдочилари қатнашадиган “Катта дублға” туркумидаги нуфузли мусобақада иштирок этишади.



Тўлқин Рўзиев, ЎзА