Туркиянинг Анталия шаҳрида дзюдо бўйича поёнига етган «Катта дубулға» мусобақасида иккинчи таркиб билан иштирок этган мамлакатимиз дзюдочилари битта бронза медалини қўлга киритди.
"Париж-2024" Олимпиадаси ҳамда жаҳон рейтинги учун очколар ўйналган мазкур турнирда 52 кг. вазн тоифасида кураш олиб борган ҳамюртимиз Сита Қадамбоева саралаш мусобақаларини муваффақиятли якунлаб, бронза медалига сазовор бўлди.
Халқаро турнир якунига кўра, 83 давлат вакиллари қатнашган мусобақада умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси Қадамбоеванинг совриндор бўлиши ҳисобига 22-ўриндан жой олди. Бу, дунёдаги кучли дзюдо жамоалари орасида Ўзбекистон спортчиларининг ўз ўрни борлигини кўрсатди.
Турнирда 26 та мамлакат вакиллари у ёки бу даражадаги медалларга эга чиққан бўлса, 57 та давлат спортчилари биронта ҳам совринли ўринларни эгаллай олмади.
Эслатиб ўтамиз, Анталияда ўтган баҳсларда 600 дан зиёд дзюдочи кураш олиб борди.
Т.Рўзиев, ЎзА