Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дзюдо: "Катта Дубулға" турнирида спортчиларимиз 3 та бронза медалига эга бўлди
09:51 / 2022-02-07

Икки кун давомида шиддатли беллашувларга бой бўлган "Катта Дубулға" турнири Париж шаҳрида ўз поёнига етди.

Дунёнинг 52 та давлатидан 290 нафарга яқин маҳоратли  дзюдочилар 14 та вазн тоифасида керакли балларни жамғарган ҳолда етакчиликка эришиш учун татамига чиқишди.

Айтиб ўтганимиздек, Халқаро дзюдо федерацияси тақвимидаги мазкур нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг 5 нафар спортчиси ўз вазнларида курашишди.

5 февраль кунги баҳсларда ҳамюртимиз Шаҳрам Аҳадов 73 килограмм вазн бўйича турнирни 5-ўрин билан якунлаганди. Мусобақанинг сўнгги куни, яъни 6 февраль кунги беллашувларда 3 нафар юртимиз вакиллари Париж татамиларида ўз маҳоратларини намойиш қилишди.

Эътиборли жиҳати, 81 кг. вазнда курашган Шарофиддин Болтабоев ва 90 кг. вазн бўйича дунё рейтинги етакчиси сифатида "Катта Дубулға"да қатнашган Давлат Бобонов мусобақаларни ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтказди.

Ҳар иккала спортчимиз саралаш ва ярим финал баҳслари ҳамда 3-ўрин учун кечган беллашувларда муносиб қатнашди ва ҳақли равишда мусобақанинг бронза медалларига эга бўлишди.

Шунингдек, 100 кг. оғирликдаги баҳсларда иштирок этган Музаффарбек Тўрабоев илк курашларни омадли бошлади. Иккинчи даврада олимпия ўйинларида Давлат Бобоновдан мағлубият аламини тотган испаниялик жаҳон чемпиони Николоз Шеразадашвилини 31 сонияда иппон баҳоси билан томошабинлар сафига кузатиб қўйишга эришди. Чорак финал беллашувида польшалик Пётр Кужерани шидо огоҳлантиришлари эвазига мағлубиятга учратиб, ярим финалга йўл олди. Аммо, финал чиптаси учун исроиллик Петр Палтчик билан учрашувда 3-ўрин учун баҳслашиш имкониятини сақлаб қолди.

Париж “Катта Дубулға” турнирининг бронза медали учун курашда ҳамюртимизга нидерландиялик ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Михаил Коррелни рўбарў келди.

Қизиқарли ва усулларга бой ўтган беллашувда Европа вакилини Тўрабоев иппон эвазига мағлуб этди ва спорт фаолиятида илк бор “Катта Дубулға” туркумидаги мусобақанинг совриндори мақомига кўтарилди.

Шу ўринда айтиш жоизки, ушбу спортчи 2019 йили Осакада ўтган турнирда яна бир спортчимиз Муҳаммадкарим Хуррамовга 1/4 финалда мағлуб бўлган эди.

Жаҳон дзюдочилари учун Париж-2024 йўлидаги муҳим мусобақалардан бири ҳисобланган ушбу турнирнинг якуний ҳисоб-китобларига кўра, 6 та олтин, 5 тадан кумуш ва бронза медалларига эга чиққан дзюдо ватани Япония спортчилари умумжамоада 1-ўриндан жой олган бўлса, Франция ва Грузия кейинги қаторларни банд этди.

Аҳамиятлиси, Ўзбекистон дзюдочилари Болтабоев, Бобонов ва Тўрабоевларнинг 3 та бронза медаллари ҳисобига 52 та давлат спортчилари орасида кучли ўнликда қайд қилинди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА