Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дзюдо: Диёранинг олтин медали Ўзбекистонни кучли учликка олиб чиқди
17:12 / 2022-06-24

Мўғулистон пойтахти Улан-Баторда дзюдо бўйича “Катта дубулға” мусобақасининг биринчи кунги баҳсларида ҳамюртларимиздан Диёра Келдиёрова 52 кг вазнда олтин медалга мушарраф бўлди.

Истеъдодли дзюдочи қизимиз финалда уч карра жаҳон чемпионатлари иштирокчиси ва совриндори бўлган россиялик тажрибали спортчи Алеся Кузнецовани мағлуб этиб, ғолибликни тантана қилди. 

Айтиш лозимки, ушбу ғалаба туфайли Келдиёрова “Катта дубулға” турнирларининг икки карра ғолибасига айланди. 

Яна бир аҳамиятли томони, “Париж-2024” Олимпия ўйинлари учун зарур рейтинг очколарни жамғаришда юртимиз спортчиларидан биринчилардан бўлиб Диёра Келдиёровага ушбу бахт кулиб боқди. У яна икки йилдан кейин Францияда ўтадиган тўрт йиллик ўйинлар учун 500 рейтинг очкосига эга бўлди. 

Халқаро мусобақа дастурига кўра, бугун ўтган бошқа вазнларидаги баҳсларда афсуски ҳамюртларимиз кутилган натижаларга эриша олмади. Жумладан, Кемран Нуриллаев 60 кг.да мўғулистонлик Согт-Очир Бямбажавни мағлуб этган бўлса-да, кейинги босқичда Токио олимпиадаси совриндори бўлган Хитой тайпеилик Ян Юн Вейга мағлуб бўлди. 66 килограммда икки вакилимиз қатнашиб, Раҳимжон Субҳонов Қозоғистон спортчиси, Токио олимпиадаси совриндори Елдос Сметов тўсиғидан ўта олмади. Иккинчи даврадан баҳсларга киришган Сардор Нуриллаев эса мўғулистонлик Сод-Эрдене Гунжинлхамга енгилди. Нуриллаев “чиғириғи”дан омон ўтган ушбу спортчи ўз навбатида мусобақани кумуш медаль билан якунлади. 

Ўзбекистон қизлар терма жамоаси аъзоси Гулнур Муратбоева 48 килограмм оғирликда Африка чемпиони, ЖАР вакили Жероний Уайтбуга йўл берди. 

Эртага, 25 июнь куни халқаро турнир дастурига биноан қолган вазнларда баҳслар давом этади. 

Бугун 2 та ўғил болалар вазнида ҳамда 3 та қизлар ўртасидаги вазнларда аниқланган ғолиб ва совриндорлар рўйхатига кўра, медаллар жамғариш бўйича умумжамоада 2 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалига эга Мўғулистон вакиллари пешқадамлик қилаётган бўлса, 2 та олтин медалга эга японияликлар 2-ўринда бормоқда. Диёра Келдиёрованинг ягона олтини эвазига Ўзбекистон 30 та давлат орасида кучли учликни якунлаб турибди.  

Тўлқин Рўзиев, ЎзА