Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнирида 65 та давлатнинг 400 нафардан зиёд спортчилари уч кун давомида “Париж-2024” Олимпия ўйинлари рейтинг очколари учун кураш олиб борди.
Муросасиз беллашувларда мамлакатимиз терма жамоасининг 4 нафар ўғил ва 5 нафар хотин-қиз дзюдочилари медаллар учун беллашди.
Қувонарлиси, илк кунги беллашувларда ҳамюртимиз Диёра Келдиёрова 52 килограмм вазн тоифасида кумуш медалга сазовор бўлди. Спортчи қизимиз муросасиз кечган финал баҳсида франциялик Астрид Гнетога қарши курашди ва “Катта дубулға” турнирларидаги тўртинчи медаль – кумушни қўлга киритди. Ушбу муваффақият Диёрага жаҳон рейтингида 700, “Париж-2024” Олимпиадаси учун эса 350 очкони тақдим этди.
Халқаро турнирнинг иккинчи кунги баҳсларида иқтидорли спортчиларимиз Шахрам Аҳадов ва Обидхон Нўъмонов 73 килограмм вазнда ярим финалгача етиб келишди. Обидхон турнирни 5-ўрин билан якунлаган бўлса, Шахрам мураккаб баҳсда бронза медалига мушарраф бўлди ва яна икки йилдан кейин бўладиган ёзги Олимпия ўйинлари йўлидаги зарур очколарга эга чиқди.
Нуфузли мусобақанинг сўнгги кунги курашларида қатнашган Ирисхон Қурбонбоева 78 килограмм вазнда илк даврада словениялик Метка Лобникка йўл берган бўлса, 100 кило оғирликдаги полвонимиз Отабек Тўрабоев чорак финалда мусобақа ғолиби Кайл Райсга ютқазиб қўйди. +100 килограмм оғирликда қатнашган тажрибали дзюдочимиз Бекмурод Олтибоев иккинчи босқичда халқаро турнирнинг бронза медали соҳиби тожикистонлик Темур Раҳимовга имкониятни бой берди.
Мукофот жамғармаси 154 минг еврони ташкил қилган, шунингдек, жаҳон дзюдосининг етакчи мамлакати Япония терма жамоаси иштирокисиз ўтган турнирда медаллар жамғариш борасида 2 тадан олтин медалга эга Грузия, Франция ва Хитой терма жамоалари умумжамоада кучли учликни қайд этди. Ўзбекистон дзюдочилари эса 1 тадан кумуш ва бронза билан совринли ўринларга эга жамоалар орасида 14-ўриндан жой олди.
Мусобақанинг якуний ҳисоб-китобига кўра, халқаро турнирда иштирок этган 65 та давлатнинг 26 тасидан дзюдочилар медалларга эгалик қилган бўлса, 41 та терма жамоа аъзолари “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини қўлга киритди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА