Душанбеда халқаро қўғирчоқ театрлари фестивали ўтказилади
Жорий йилнинг октябрь ойида Тожикистон пойтахти Душанбеда XIII “Чодари хаёл” халқаро қўғирчоқ театрлари фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз - “Ховар” маълум қилмоқда.
Таъкидланишича, фестивалда минтақамиз давлатлари, шунингдек, Россия, Беларусь, Арманистон ва бошқа мамлакатлар қўғирчоқ театрлари энг сара саҳна асарлари билан иштирок этиши кутилмоқда.
Ташкилотчилар айтишича, тадбирдан кўзланган асосий мақсад – қўғирчоқ театри соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тожик анъанавий қўғирчоқ театрини тиклаш ва ривожлантириш, шунингдек, ёш авлоднинг эстетик тарбиясига ҳисса қўшишдан иборат.
Хабарга кўра, “Чодари хаёл” фестивали аввало, болалар учун байрамона маданий тадбир бўлиб, у турли ўлкалар санъаткорлари ўртасида тажриба алмашиш ва янги саҳна асарларининг яратилишига ҳам хизмат қилади.
Д.Ҳакимов, ЎзА