Душанбе мэри Рустам Эмомали 9 майда пойтахтда истиқомат қилаётган Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларига 3 минг сомони (тахминан 240 доллар) бериш бўйича топшириқ берди, дейилади шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Уруш пайтида фронт ортида корхоналарда камида олти ой ишлаганлар 800 сомони (тахминан 64 доллар) олади. Ушбу тўловларни Чернобиль АЭС ҳалокати ва Афғонистонда кечган уруш оқибатида ногирон бўлиб қолганлар ҳамда республика конституция тузумини ҳимоя қилишда ҳалок бўлганларнинг оилалари ҳам олади.
Тожикистон уруш ва меҳнат ветеранлари кенгашининг маълум қилишича, Душанбеда ҳозир тўққиз нафар ветеран бор. Умуман, Тожикистонда апрель ойи ҳолатида жами 59 нафар уруш қатнашчилари қолган. Улар бир йил аввал 98 кишини ташкил этарди.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон фахрийлари бошқа мамлакатлар билан солиштирганда нисбатан кўпроқ тўловлар олади.
Бу йил Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқаролар 15 миллион сўмдан (тахминан 1 минг 340 доллар) олади.
Бу, Озарбайжон, Беларусь, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Тожикистонга нисбатан юқори.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда тўловлар миқдори йилдан-йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2017 йилда бу маблағ 2 миллионни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб 12 миллион сўмни ташкил этган эди.