Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дурдона РАҲИМОВА: Аҳоли саломатлигини асраш учун амалга оширилаётган турли чекловлардан ваҳимага тушмаслик керак
16:52 / 2020-03-25

Бугунги кунда коронавирус дунёнинг кўплаб давлатларига кириб борди. Афсуски Ўзбекистонда ҳам бу хавфли инфекция қайд этилди.


Бугунги кунда коронавирус дунёнинг кўплаб давлатларига кириб борди. Афсуски Ўзбекистонда ҳам бу хавфли инфекция қайд этилди. 

Айни пайтда фуқароларнинг соғлиғи, уларнинг мазкур инфекция билан зарарланмаслиги чораларини кўриш барча раҳбарлар олдида турган асосий масала ҳисобланади.

Шу сабабли Президентимиз топшириғига мувофиқ Республика махсус комиссияси тузилган. Комиссия мазкур касалликнинг кенг тарқалиши олдини олиш чораларини кўрмоқда.

Бунинг учун Тошкент шаҳар ҳокими раҳбарлигида махсус штаб ташкил этилган. Эпидемиологик вазият бўйича ҳар соатлик ва кунлик маълумот таҳлил қилиниб, тезкор чоралар кўрилмоқда. Хавфли вирус кенг тарқаб кетмаслиги учун одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланди. Барча таълим даргоҳларида таътил эълон қилинди. 

Тошкент шаҳрида озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслигини Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент назорат қилмоқда.

Ҳудуддаги барча жамоат транспорти – автобус, метро ва йўналишли такси ҳаракати вақтинчалик тўхтатилди. Жамоат транспорти ўрнига вақтинча Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан махсус дезинфекция қилинган таксилар ҳаракатланмоқда.

Мутасаддиларга жамоат транспорти ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган вақтда йўналишсиз таксиларда ташиш билан шуғулланувчилар томонидан йўл ҳақини сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш топширилди.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллиги республика ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида пойтахт ҳудудига ҳар қандай транспортда кириш ва чиқиш тўхтатилди. Пойтахтга кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, шунингдек, Тошкент шаҳрида доимий яшовчи ва шу ерда ишлайдиган шахсларга тааллуқли эмас.

Пойтахтимиздаги барча буюм, қурилиш материаллари, автомобиль сотуви, маиший-техника, иккиламчи буюмлар бозорлари фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Фақатгина деҳқон бозорлари, супермаркетлар, озиқ-овқат дўконлари, шифохоналар, поликлиникалар, дорихоналар аввалги тартибда ишлашни давом эттирмоқда.

Барча чора-тадбирлар аҳолининг саломатлигини асраш учун амалга оширилмоқда. Турли чекловлардан ваҳимага тушмаслик керак. Ўзбекистон аҳолисини бу инфекциядан қутқариб қолиш халқнинг қўлида. Бунинг учун юртдошларимиз шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига қатъий амал қилиши зарур. Бирлашсак бу синовлардан талафотсиз ўтиб оламиз. Тошкент шаҳри фуқароларидан зарурат бўлмаганда кўчага чиқмасликни илтимос қиламиз. Уйда қолинг – ўзингиз, оила аъзоларингиз ва дунёни қутқаринг! 

Дурдона РАҲИМОВА, 
Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий 
ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари