Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунёнинг яна бир мўъжизаси билан юзма-юз (+видео)
15:21 / 2026-01-05

Ҳозирги Комбоджадаги Анкор ёдгорликлари мажмуасини олим ва мутахассислар дунё мўъжизаларидан бири деб атайдилар. Бу бежиз эмас. Дунё халқлари ва меъморчилиги тарихига қизиққан сайёҳ борки, у Комбоджага, Анкор ёдгорликлар мажмуасини бир бор бўлсада кўришга интилади.

Анкор Комбоджанинг Сиемреп шаҳри яқинидаги мамлакатнинг қадимий пойтахти. 240 квадрат километр майдонда 239 та сарой ва ибодатхоналар VIII-XI асрлар давомида қурилган. Уларнинг энг йириги ва мукаммал сақлангани жунгли қалин ўрмонларидаги Анкор Ват император саройидир. Уни Ҳиндихитой императори Сурбявармон II қурдирган. Бу сарой ўз даврининг мўъжизавий иншооти бўлган. У эгаллаган майдон 1500х1300 метр бўлиб, ҳашаматидан нафақат тил, балки кўз ҳам лол қолган. 5 та қуббали 5 қаватли сарой деворларида яхлит тош бўлакларига ҳайкаллар ва манзаралар ғоят нозиктаъб билан ўйиб ишланган. Тарихчилар сақланиб қолган айрим лавҳаларга қараб, бу улкан иншоот тилла, қимматбаҳо тошлар, йўлак ва шифт эса ўзидан ифор таратиб турувчи темир дарахтларидан қопланганини таъкидлашади.

XIII-XIV асргача кхмерлар империясини бошқарган шоҳ, император борки, кимўзарга жунглининг қуюқ ўрмонларида бирин- кетин сарой ва ибодатхоналар қураверган. Буддизм ҳукмрон бўлган кхмерлар мамлакатида ҳалигача буддалар сақланиб қолган ва унинг пойида монахлар ибодат амалларини бажаришаётганини кўриш мумкин.

Кхмерлар Анкор Ватдаги беш минорани бешта тоғ ва мамлакатни бошқарган императорни эса тоғлар худоси деб қабул қилганлар.

Анкор Ватнинг юқори қаватида тўртта ҳовуз бўлиб, ундаги ҳаёт сувида чўмилган император қувват олган, дейилади афсоналарда.  

Анкор Ват саройининг ўзида 1200 дан зиёд хоналар бўлиб, энг қизиғи шундаки, улар ўтган асрлар давомида яхши сақланган. Дарвоқе, XIV асрга келиб кхмерлар империяси инқирозга учрайди ва аҳоли бу ерларни ташлаб кетади. Анкор Ват жунглининг қалин ўрмонлари ичида унутилиб қолиб кетади. Орадан беш юз йил ўтиб, XIX асрга келиб, Компучияни Франция эгаллаб олгач, 1861 йилда биолог олим Анри Муо тасодифан Анкор Ват қаршисидан чиқиб қолади. Кейинчалик Анкор мажмуасининг ўрмонга “яширинган” яна 238 та иншооти топилади.  

Бу иншоотлар тошдан қурилган бўлсада, дунёдаги энг қиммат ва энг қаттиқ, баъзида уни темир дарахт ҳам дейишади, дарахтлар илдизидан зарар кўрган. Қудратли тош илдизлар биноларни ёриб ёки устини, атрофини чимраб олган.  

Хўш, бу кичик ҳикоядан хулосалар қандай? Бундан ўн уч аср илгари одамлар ниҳоятда иқтидорли бўлганлар. Масалан, биргина Анкор Ватдаги ўн мингдан зиёд ҳайкалларнинг биронтасидаги сиймо иккинчисига ўхшамайди. Ва ниҳоятда юксак санъат асари сифатида яратилган. Иккинчи хулоса шундайки, ўша давр раҳбарлари ниҳоятда ақлли бўлишган. Иншоотлар, сарой, ибодатхоналар минг йиллардан кейин ҳам ўз давридан хабар бериб турадиган тошлардан бунёд этилган. Ҳолбуки Компучияда тошли тоғлар йўқ. Уни бошқа ўлка, мамлакатлардан келтирганлар. Бу обидаларнинг яна бир фазилати бор. Улар геометрик ўлчам  жиҳатидан бир сантиметрга бўлсада аниқликни бузмайди.

Анкор Ват мажмуаси, шубҳасиз, англаш, тасаввурга сиғдириш қийин бўлган ҳақиқатларнинг, олимлар тили билан айтсак, мўъжизаларнинг бири. Анри Муо “бу иншоотлар бунёд этилишида илоҳий кучлар таъсири сезилиб туради”, деб ёзган ўз ҳисоботида. Бугун ана шу мўъжиза билан рўбарў бўлиш учун дунёнинг барча бурчакларидан йилига 2 миллиондан ортиқ мутахассис, олим, сайёҳ келмоқда Анкорга. Улар орасида ўзбекистонлик, фарғоналик журналистлар гуруҳи ҳам бор.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NL_k2gxwMio" title="Dunyoning yana bir mo‘jizasi bilan yuzma- yuz" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА

Тошкент – Сием Реп (Комбоджа).

Декабрь, 2025 й.