Олий таълим йўналишида дунёдаги етакчи таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик таълим сифати ва самарадорлигида долзарб аҳамият касб этади.
Соҳалар бўйича етук кадрлар тайёрлаш, уларнинг малака ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
Яқинда Тошкент давлат юридик университети ва Ҳиндистоннинг О.П.Жиндал Глобал университети ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди. Шу муносабат билан ZООМ платформаси орқали ташкил этилган маросимда икки университет раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этди.
Онлайн учрашув аввалида университетларнинг ректорлари томонидан ўз олий таълим муассасалари, таълим жараёни, талабалар учун яратилган имкониятлар ва халқаро ҳамкорлик хусусида маълумот берилди.
Таъкидлаш жоиз, О.П.Жиндал Глобал университети юридик таълим ва фан соҳасида дунёда кучли юзликка кирувчи етакчи университетлардан ҳисобланади. Университетда 569 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб боради. Айни пайтда олийгоҳда 5100дан зиёд талаба таълим олади. Жиндал университети QS World University Rankings рейтингига кўра, дунёнинг энг нуфузли “ТОП-1000” университетларидан бири ҳисобланади.

Учрашувда имзоланган битим ҳамда ундан кўзланган мақсад-вазифалар ҳақида сўз юритилди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжат икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини ташкил этиш, стажировка, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳужжатга кўра, икки университет ҳамкорликда турли илмий лойиҳа ва тадбирларда иштирок этади ҳамда илмий-тадқиқот ишларини биргаликда амалга оширади. Бундан ташқари, битим доирасида Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси фаолиятини янада такомиллаштирш ҳам кўзда тутилган.
Муҳтарама Комилова, ЎзА