2025 йил Ўзбекистон ташқи сиёсати учун омадли, самарали ва фаол кечди. Дунё давлатлари билан ўзаро тенг ҳуқуқли ва ҳамда манфаатли муносабатлар давом эттирилди. Очиқлик ва прагматизмга асосланган сиёсат туфайли Ўзбекистоннинг ташқи шериклар билан муносабатлари мустаҳкамланди. Мазкур йўналишда эришилган ютуқлар хусусида бир қатор мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари ўз мулоҳазаларини билдирди.
Ўзбекистон – ишончли ҳамкор ва яқин дўст
Алексей Ерхов,
Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
Тарихга айланган 2025 йил Россия-Ўзбекистон муносабатлари учун ҳақиқий маънода сермазмун ва аҳамиятли бўлди. Унда фаол сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг кенгайиши, гуманитар, маданий ва таълим алоқаларининг чуқурлашуви кузатилди. Бизнинг ўзаро ҳамкорлигимиз ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш руҳида ривожланди, бу Россия ва Ўзбекистон халқларининг интилишларига тўлиқ мос келади.
Мамлакатларимиз Президентлари ўртасидаги самимий дўстлик ва илиқ, конструктив муносабатлар муҳитини алоҳида таъкидламоқчиман. Айнан уларнинг шахсий ўзаро англашуви, очиқ ва ишончли мулоқоти икки томонлама ҳамкорликнинг бутун мажмуасига юксак суръат бағишлайди ҳамда барқарор ривожланиш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган миқёсли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Россияда ишончли ҳамкор ва яқин дўст сифатида ҳақли равишда катта ҳурматга эга. Бизни умумий тарих, яқин инсоний алоқалар, барқарорлик, тинчлик ва бунёдкорликка интилиш бирлаштиради. Ишончим комилки, 2026 йилда бизнинг стратегик шериклик ва иттифоқчилигимиз янада мустаҳкамланиб, келажак авлодлар манфаатлари йўлидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очади.
Ушбу байрам кунларида Ўзбекистоннинг барча фуқароларига мустаҳкам соғлиқ, тинчлик ва фаровонлик, эртанги кунга ишонч, муваффақият ва янги ютуқлар тилайман. Янги 2026 йил ҳар бир хонадонга бахт, тотувлик ва равнақ олиб келсин!

“Эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, келажакка йўл очамиз”
Юй Цзюнь,
Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлиги остида 2025 йил Янги Ўзбекистон қурилишини жадаллаштириш йили бўлди ва ҳайратланарли ютуқлар билан нишонланди. Иқтисодий ўсиш юқори суръатларни сақлаб қолди, ялпи ички маҳсулот 140 миллиард доллардан ошди. Аҳолининг турмуш даражаси муттасил ошиб борди, камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар чуқурлаштирилди, бунинг натижасида кўрсаткич 5,8 фоизгача пасайди.
Маданият ва таълим фаол ривожланди, мамлакат спортчилари халқаро майдонда юқори натижаларга эришдилар.
Ўзбекистон Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувини, Парламентлараро иттифоқнинг юбилей ассамблеясини, ЮНЕСКО Бош конференциясини муваффақиятли ўтказди, БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, “Хитой — Марказий Осиё” ҳамкорлик механизми ва минтақавий ҳамкорликнинг бошқа шаклларида фаол иштирок этиб, ўз халқаро обрўсини муттасил мустаҳкамлаб борди.
2025 йил Хитой-Ўзбекистон муносабатлари учун сермаҳсул йил бўлди. ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Президент Шавкат Мирзиёев “Хитой — Марказий Осиё” иккинчи саммитида, Тянцзиндаги ШҲТ саммитида, шунингдек, Хитой халқининг Япония агрессиясига қарши урушдаги Ғалабаси ва Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабасининг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этдилар ва икки марта учрашув ўтказдилар, бу эса муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Икки мамлакат ўртасида сиёсий ўзаро ишонч муттасил мустаҳкамланиб борди, томонлар асосий манфаатларга тааллуқли масалаларда доимо бир-бирларини қўллаб-қувватладилар, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик самарали ривожланди, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик, ҳудудлараро алоқалар янги босқичларга кўтарилди. Ўзаро визасиз тартиб муваффақиятли жорий этилди, бу одамлар ўртасидаги алоқаларни сезиларли даражада осонлаштирди ва Хитой ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик концепциясини мустаҳкамлади.
2026 йил Хитойнинг 15-беш йиллик тараққиёт дастурини амалга оширишнинг биринчи йили бўлади. Хитой томони юқори сифатли тараққиёт ва очиқликнинг юқори даражаси курсига амал қилишни давом эттиради, жаҳон тараққиётига ижобий туртки беради ва кенг имкониятлар яратади. 2026 йилда Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлайди, Янги Ўзбекистоннинг ривожланиши янги босқичга қадам қўяди. Биз Ўзбекистон томони билан биргаликда икки мамлакат тараққиёт стратегияларининг ўзаро уйғунлигини мустаҳкамлашга, давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашишни чуқурлаштиришга, барча йўналишлардаги ҳамкорлик салоҳиятини ҳар томонлама очишга тайёрмиз.
Бу Хитой-Ўзбекистон ҳамкорлиги натижалари мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилади, албатта.
Хитой ой тақвими бўйича 2026 йил — от йили бўлиб, у олға интилиш, энергия ва муваффақиятни англатади. Дўст Ўзбекистонга бундан буён ҳам фаровонлик ва равнақ, унинг халқига бахт ва саломатлик тилаймиз! Хитой-Ўзбекистон муносабатларига янада порлоқ келажак тилаймиз, халқларимиз ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин!
Ўзбекистон учун чинакам сермаҳсул ва аҳамиятли йил

Бейбут Атамқулов,
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги
Фавқулодда ва мухтор элчиси:
2025 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсат йўналишида юқори фаолликни намойиш этиб, халқаро обрўсини мустаҳкамлади.
Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясининг юбилей сессияси ва ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг 43-сессияси каби йирик халқаро тадбирларнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги асосий тортиш марказларидан бири сифатидаги ролини тасдиқлади, олий даражадаги мунтазам алоқалар эса хорижий ҳамкорлар томонидан Ўзбекистонга ишонч ортиб бораётганининг ишончли далили бўлди.
Иқтисодий ривожланишда ҳам таъсирчан натижаларга эришилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз Мурожаатномасида мамлакат ЯИМнинг 145 миллиард АҚШ долларигача ўсганини ва 2025 йилда хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етганини эълон қилди. Барқарор иқтисодий ўсиш, кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилиши, инвестиция муҳитининг яхшиланиши ва янги лойиҳаларнинг ишга туширилиши келгуси тараққиёт ҳамда фуқаролар фаровонлигини ошириш учун мустаҳкам асос яратди. Бу ютуқлар олиб борилаётган сиёсатнинг самарадорлигини ва мамлакат келажагининг стратегик қарашини яққол акс эттиради. Айниқса, Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларидаги ижобий динамикани таъкидламоқчиман. Йил давомида ҳамкорлигимиз изчил ва мазмунли ривожланди — фаол сиёсий алоқалардан тортиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришгача. Бу йил икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, у конструктив ва мазмунли муҳитда кечди. Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши алоҳида аҳамият касб этди. Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари икки томонлама масалаларнинг бутун спектри бўйича атрофлича фикр алмашишди.
Шубҳасиз, энг муҳим сиёсий воқеа Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлди. Унинг якунлари бўйича 17 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. «Марказий Осиё» Халқаро саноат кооперацияси маркази иш бошлади — бу иқтисодий ҳамкорликда янги босқич рамзидир. Ташриф доирасида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди, унда ноёб ва камёб ер металлари бўйича ишчи гуруҳларни тузиш, трансчегаравий дарёлар сувини прогноз қилиш тўғрисида муҳим қарорлар қабул қилинди, Ҳудудлар раҳбарлари кенгаши таъсис этилди — бу ҳудудлар даражасидаги мувофиқлаштиришнинг янги форматидир. Бу барча қадамлар Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатлари ишонч, прагматизм ва минтақа келажаги учун умумий масъулиятга асосланган етук ва стратегик шериклик босқичига кираётганидан далолат беради. Ишончим комилки, янги 2026 йилда ҳам биз барча асосий соҳаларда — сиёсат, иқтисодиёт ва маданиятда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўналишини давом эттирамиз.
Янги йил байрами муносабати билан қардош Ўзбекистон халқига чин қалбимдан тинчлик, фаровонлик, мустаҳкам соғлиқ ва янги муваффақиятлар тилайман. 2026 йил ҳар бир уйга нур, шодлик ва эртанги кунга ишонч олиб келсин, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик бундан кейин ҳам бутун минтақада тинчлик ва фаровонлик учун таянч бўлиб хизмат қилсин.

“Конструктив ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз”
Александр Огородников, Беларусь Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
Ўтган йил Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. У муҳим икки томонлама воқеалар ва тадбирларга бой бўлди, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан кўп қиррали ҳамкорлик ривожига сезиларли туртки бердик. Биз Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли бўлган барча асосий соҳаларда конструктив ҳамкорликнинг мустаҳкамланишини мамнуният билан қайд этамиз.
Олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот изчил ривожланди. Биз ўзаро савдо ва саноат кооперациясида юқори натижаларга эришдик, ҳудудлар ҳамкорлигини кучайтирдик. Таълим, маданият, туризм каби гуманитар соҳадаги ҳамкорликка катта эътибор қаратилди. 2025 йилда Ўзбекистон Республикасида Беларусь Республикаси маданият ва кино кунлари бўлиб ўтди, бу тадбирлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмаганига ишонаман.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистондаги барча ҳамкорларимизга умумий ишга қўшган ҳиссалари, ташаббускорликлари ва масъулиятлари учун самимий миннатдорчилик билдирмоқчиман, булар муваффақият гарови бўлди.
2026 йил барчамиз учун эзгу ўзгаришлар, тинчлик ва тотувлик йили бўлсин. У ҳар бир оилага фаровонлик, тўкинлик, қувонч ва уйғунлик олиб келишини тилайман. Ўтаётган йилда бизни хурсанд қилган барча яхшиликлар давом этсин, Янги йил кечасида тилаган орзулар албатта, ушалсин.
Ишонаманки, Янги йилда биз мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги учун мазмунли мулоқот ва самарали ҳамкорликни давом эттирамиз.
2026 йилингиз билан!
ЎзА