Америка Қўшма Штатлари Нью-Йорк шаҳрида рўйхатдан ўтган, улкан халқаро тажрибага эга машҳур медиа компания – “Pangea Globe” республикамиз Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Шавкат Аюпов билан суҳбат эълон қилди. Глобал муаммолардан хабардорликни ошириш, муҳим соҳаларни ёритиш, стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, инвесторлар жалб қилиш ва жаҳон медиа майдонида тарғиботни кучайтириш мақсадида стратегик мазмунли контентлар яратишга ихтисослашган, бутун дунё бўйлаб бизнес етакчилари учун ишончли, холис ва чуқур маъноли ҳисоботлар тайёрлайдиган мазкур сайт мамлакатимизга эътибор қаратиши Ўзбекистон сўнгги йилларда жаҳон илғор ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётганидан далолат.
– Аввало, ўзингизни таништирсангиз.
– Мен Аюпов Шавкат Абдуллаевич, мутахассислигим бўйича математикман. Айни пайт Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти ва Академия ҳузуридаги Математика институти директори лавозимларида фаолият юритяпман.
– Ўзбекистон Фанлар академияси мамлакатнинг етакчи илмий муассасаси сифатида шаклланиши қайси омиллар билан боғлиқ?
– Академиямиз Иккинчи жаҳон уруши даврида – 1943 йил ташкил этилган. Икки йил олдин жамоамиз 80 йиллигини нишонлади. Умуман, академия мамлакат илмий экотизимида муҳим ўринга эга ва бу бежиз эмас.
Академиянинг етакчи илмий муассаса сифатидаги салоҳияти қатор омиллар билан изоҳланади. Биринчидан, тарихий ва тузилмавий жиҳатлар, қолаверса асосий фундаментал манбаларга доимий эътибор, стратегик фикрлаш ва илмий жамоатчиликнинг жамият, давлат олдидаги юксак масъулияти ютуқларимиз гарови, мумкин. Айниқса, 2017 йилдан бошлаб, фаолиятимиз янги босқчига кўтарилиб, Академиянинг ўрни ва нуфузи ортганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан юксак натижаларга эришилмоқда. Умуман, 2017 йилни нафақат Фанлар академияси мисолида, балки бутун давлат миқёсида туб бурилиш нуқтаси бўлган, деб ўйлайман. Бу ўзгаришлар хўжалик соҳасидан тортиб, маънавият, фан ва таълимни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётгача бўлган барча жабҳаларни қамраб олган.
Аввало, академия азалдан фундаментал фаннинг асоси бўлиб хизмат қилиб келаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Айнан шу ерда мамлакатимизда математика, физика, ядровий технология, кимё, молекуляр биология, инсон генетикаси, фармацевтика, шарқ тиббиёти, санъат ва археология каби йўналишларда етакчи илмий мактаблар шаклланган. Айни жараён Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини юксалтиришда ҳал қилувчи ўрин тутган.
Иккинчидан, академия илмий элитанинг шаклланиш марказидир. Фан номзодлари ва фан докторларининг 70 фоиздан кўпи академик тизим орқали таълим олган. Бу ерда фақат мутахассислар эмас, балки юқори даражадаги мураккаб вазифаларни белгилай оладиган, шу масалаларни ҳал этишга қодир, танқидий фикрлайдиган ҳамда барча турли соҳаларда янги билимлар ярата оладиган илмий маданият вакиллари тарбияланади.
Учинчидан, академияда доимий равишда стратегик фикрлаш қобилиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Биз мамлакатда биринчилардан бўлиб давлатнинг узоқ муддатли эҳтиёжига мувофиқ устувор илмий йўналишларни ривожлантириш бўйича тизимли иш бошлаганмиз. Бу йўналишларга, жумладан, замонавий технологияларнинг умумий тили ҳисобланган математика, энергетика, тиббиёт ва саноат учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ядровий физика ва радиацион хавфсизлик, маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқаришга қаратилган биотехнология ва фармацевтика, хусусийлаштирилган тиббиёт имкониятини очиб берадиган инсон генетикаси ва аҳоли динамикаси, шунингдек маданиятимиз ва цивилизацион ўзлигимизни илмий жиҳатдан ўрганиш имконини берадиган санъатшунослик, шарқшунослик ва археология киради. Академия мавжуд тенденцияларни нафақат тадбиқ этади, балки ўзи яратади, мамлакатнинг замонавий илмий ривожланишини белгилаб берувчи йўналишлар учун назарий ва методологик асосларни шакллантирди.
Тўртинчидан, академия замон талаби ва чақириқларига доимий равишда мослашиб келмоқда. Биз янги механизмлар жорий этмоқдамиз, илмий экспертизани кучайтириб, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаяпмиз. Фаннинг турли соҳаларини бирлаштирган лабораториялар очяпмиз. Илмий дипломатияни ривожлантириш билан бирга давлатнинг илмий-техникавий сиёсатини шакллантиришда фаол иштирок этмоқдамиз.
Ёш олимлар тайёрлаш, хотин-қизларнинг фанга ҳиссасини кенгайтириш ҳамда илмий фаолиятга рақамли воситаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз илмий жамиятни бирлаштирамиз ҳамда экспертлар таҳлилини жамлайдиган марказ сифатида фаолият кўрсатамиз.
Энг муҳими, биз маданий тафаккурни сақлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Бу эса Ўзбекистонда нафақат технологик, балки цивилизацион ривожланишни ҳам таъминлаш имконини беради. Қисқаси, бугунги кунда Фанлар академияси жамиятимиз учун муҳим аҳамиятга эга кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда.
– Фанлар академиясининг асосий вазифаси нималардан иборат? Ташкилотда амалга оширилаётган муҳим дастур ва лойиҳалар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Бугунги кунда Ўзбекистон Фанлар академияси ўз ривожланишининг муҳим босқичида турибди. Жамоамизнинг мақсади нафақат ички вазифалар орқали, балки “Ўзбекистон-2030” стратегиясида белгиланган миллий устувор йўналишлар асосида ҳам аниқ белгиланган.
Мамлакатнинг илмий суверенитетини таъминловчи институционал таянч сифатида Академиянинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
Биринчидан, Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий, технологик ва иқтисодий ривожланиши йўлида фундаментал илмий билимлар яратиш, давлатни ривожлантириш ва стратегик қўллаш, шу билан бирга жаҳон илмий ҳамжамиятларига интеграциялашувни таъминлаш.
Бу вазифани бажариш учун бир-бирини тўлдирувчи икки йўналиш белгиланган. Биринчиси, мамлакат ва минтақа муаммоларини ҳал этишга қаратилган илмий тадқиқот олиб бориш. Бу борада Фанлар академияси нафақат билим манбаи, балки ечимлар яратадиган марказга айланиши лозим.
Биз фаннинг амалий йўналишини қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, экология ва табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш каби соҳаларда кучайтириш орқали миллий устувор вазифаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирганмиз. Бугун мамлакат ва бутун минтақа илмий ечим талаб қиладиган жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу муаммолар қаторига тупроқ шўрланиши, ичимлик суви манбалари етишмовчилиги, рақобатбардош дори воситалари яратиш, энергетика барқарорлиги ва сейсмик хавфнинг олдини олиш киради. Биз шу муаммолар ечимига йўналтирилган, аниқ тадқиқот ва натижага эга илмий дастурлар шакллантиряпмиз.
Иккинчи йўналиш жаҳон илмий маконига интеграциялашув. Замонавий фан алоҳида эмас, балки жаҳон ҳамжамияти билан боғлиқ ҳолда тараққий этади. Шу боис, академия халқаро ҳамкорликни фаол ривожлантириб, кўп томонлама лойиҳаларда иштирок этиб келяпти. Европа, Осиё ва дунёдаги етакчи илмий марказлар билан шериклик алоқаларини кенгайтирмоқда. Нуфузли халқаро журналларда мақолалар чоп этишга устувор аҳамият қаратамиз, олимлар ўртасида тажриба алмашишни ташкил этамиз, чет эллик тадқиқотчиларни қўшма ишларга жалб қиламиз, ёш олимларни халқаро илмий анжуманларда иштирок этишга тайёрлаймиз. Академияни шунчаки илмий институтлар тармоғи эмас, балки ягона академик экотизим сифатида кўришимиз керак. Бунда билим фақат яратилибгина қолмай, балки илмий қарорлар қабул қилиш, технологик тараққиёт ва Ўзбекистонда илмий суверенитетни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилиши лозим.
Демак, Фанлар академиясининг мақсади нафақат янги билимлар яратиш, балки мамлакатда фаннинг ўзига хос моделини ўзгартиришдан иборат. Алоҳида саъй-ҳаракатдан яхлит тизимга ўтиш, оламни тасвирлашдан ечим яратишга қадар бўлган бу жараён илмий билимларни яратиш, жамлаш ва давлат ҳамда келажак авлодлар манфаати учун қўллашни англатади. Мен академиянинг вазифасини шундай тасаввур қиламан.
– Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳасини амалга оширишда Фанлар академияси қандай роль ўйнайди?
– Ўзбекистон бир неча минг йиллик улуғвор ва муҳташам тарихга эга. Турли даврларда заминимизда жаҳоншумул цивилизациялар, йирик империялар, шаҳарлар ва бебаҳо меъморий обидалар вужудга келган. Улуғ аждодларимизнинг тенгсиз маданий мероси инсоният тарихида ўчмас из қолдирган. Уларнинг илмий, тарихий ва бадиий асарлари бугун дунёнинг барча нуқталарида, хориж тўпламлари, жамғармалари, кутубхона ва музейларида ҳам сақланмоқда. Тарих ва маданиятга ҳурмат, миллий ва маънавий меросга ғамхўрлик, шунингдек ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳар қандай жамиятнинг моддий, маънавий ривожида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
2017 йил 23 июнь куни Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши айни йўналишда қўйилган энг улуғ қадамлардан бири бўлди. Шундан сўнг нафақат фан соҳасида, балки маънавий тараққиётда ҳам туб бурилиш юз берди. Табиийки, бу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Фанлар академияси ҳал қилувчи роль ўйнайди.
Академия мазкур марказнинг ривожланиш стратегиясини шакллантиришда иштирок этади, фундаментал тадқиқот ва инновацион лойиҳаларнинг устувор йўналишларини белгилайди. Бундай ҳамкорлик марказга фақат маданий объект эмас, балки гуманитар, табиий ва ижтимоий фанларни ривожлантиришга қодир кенг қамровли илмий-тадқиқот платформаси сифатида фаолият юритиш имконини беради. Шу билан бирга Фанлар академияси музей экспозицияларининг илмий концепциясини шакллантириб, экспертлар ва жамоатчилик фикрига таянган ҳолда мазмунан бойитиш, экспозиция заллари учун ғоялар танловини ташкил этишда фаол иштирок этади. Академиянинг илмий салоҳияти ва мутахассислари бу жараённинг асосий таянчи ҳисобланади.
Фанлар академияси шунингдек, UNESCO, ISESCO, IRCICA каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатишга фаол кўмаклашади. Масалан, биз 2024 йил Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) VIII Конгресси каби йирик халқаро форумлар ва бошқа илмий тадбирларни ташкил этишда иштирок этиб, эксперт ёрдамини кўрсатяпмиз. Шу тарзда Фанлар академияси манбаларни тиклаш орқали экспозиция ва рақамли активнинг илмий асосдаги ечимини ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорлик ва стратегик ривожланиш учун кадрлар тайёрлашда фаол иштирок этяпти. Натижада Марказ Ўзбекистонда Ислом цивилизациясининг илмий анъаналарини мужассам этган интеллектуал мега-лойиҳага айланмоқда.
– Ислом цивилизацияси маркази негизида қайси илмий йўналишларни ривожлантириш режалаштирилган?
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бетакрор илмий, маърифий ва маданий марказ сифатида яратилмоқда. Унинг асосий мақсади Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё тарихига боғлиқ бўлган бой исломий меросни чуқур ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришдан иборат. Марказда Ўзбекистон халқи ва Марказий Осиё минтақаси тарихи, шунингдек бу заминда туғилган ёки фаолият юритган Муҳаммад Ал-Хоразмий, Аҳмад Ал-Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳонуддин Ал-Марғиноний каби кўплаб улуғ аллома, файласуф ва уламоларнинг интеллектуал ҳамда илмий меросини ҳар томонлама тадқиқ этиш режалаштирилган.
Марказ фаолиятида илмий ва диний мактабларнинг шаклланиши ва ривожланишига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Мовароуннаҳр ҳудудидан етишиб чиққан уламоларнинг Ислом мероси ҳақидаги фикрлари, уларнинг Ислом илмини ўрганиш, диншунослик ва санъатнинг шаклланишига қўшган ҳиссаси чуқур таҳлил қилинади. Шунингдек, “Фиқҳ”, “Тафсир” (Қуръон шарҳи), “Ҳадис”, “Калом” илмлари, Исломий диншунослик каби соҳаларни ривожлантириш ва ўрганиш режалаштирилган.
– Марказ очилгач, қандай илмий ва маданий вазифалар амалга оширилади?
– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минтақанинг бой исломий меросини ҳар томонлама ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган ўзига хос илмий ва маданий платформага айланади.
Биринчи вазифа илмий йўналиш – Ислом илм-фани ва маданиятини ўрганиш. Марказ Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Ибн Сино, Беруний каби олимларимизнинг жаҳон Ислом илми ва фалсафаси ривожига қўшган ҳиссасини чуқур ўрганиш билан шуғулланади.
Илмий маълумотлар базасини яратишда назарда тутган мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва бутун Ислом оламига оид исломий мерос билан боғлиқ қадимий ёзувлар, ҳужжатлар, архив материаллари ва артефактларни тизимлаштириш ва такомиллаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, марказда интердисциплинар тадқиқотлар йўлга қўйилиб, тарих, фалсафа, диншунослик, филология, санъатшунослик ва табиий фанлар бўйича мутахассислар ҳамкорлиги учун платформа яратилади. Шу тариқа докторантлар, ёш олимлар қўллаб-қувватланади. Ислом илми ва цивилизациясини ўрганаётган ёш тадқиқотчилар учун грант, стажировка ва қўллаб-қувватлаш дастурлари ташкил этилади.
Таълим йўналишга тегишли кейинги вазифа – маъруза, семинар ва курслар ташкил этиш. Марказ талаба ва докторантлар, тингловчилар учун таълим дастурларини йўлга қўяди. Ислом фалсафаси, этикаси, илм-фани, ҳуқуқи, тарихи ва замонавий Ислом тафаккури каби мавзулар қамраб олинадиган бу жараён Ислом илмини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар муажмуидир.
Марказ университетлар ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик қилиб, Ислом цивилизацияси илмий меросини акс эттирувчи фанларни таълим дастурларига жорий этишга кўмаклашади. Шунингдек, онлайн курслар ва таълим платформаларини яратади. Марказ ўзбек, араб ва инглиз тилларида масофавий ўқув дастурларини ҳам йўлга қўяди.
Кейинги вазифа – маданий йўналишда Марказ кўргазмалар ташкил этади. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси тарихига бағишланган доимий экспозициялар, қўлёзма, артефакт ва Ислом санъати намуналарига оид намойишлар ўтказади.
Шунингдек, олимлар томонидан яқинда кашф этилган тарихий экспонатлар, шу билан бирга “Sotheby’s” ва “Christie’s” каби аукционлардан сотиб олинган ҳамда чет эл музей ва кутубхоналаридан олиб келинган факсимиль нусхаларини намойиш этади. Яна бир муҳим вазифа – маданий меросни оммалаштириш орқали Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга оширилади. Миллий ёдгорликларидаги битикларни ўрганиш, жаҳон анжуманларида мамлакатимиз маданий меросини тарғиб қилиш, маданий тадбир, фестиваль, китоб кўргазмалари ва медиалойиҳалар киради.
Марказ Ислом санъати, мусиқа, меъморчилик ва анъаналарни тарғиб қилади. Бу турли дин ва маданият вакиллари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиради, Исломни билим, тинчлик ва тараққиёт цивилизацияси сифатида намоён этади.
– Марказ билан ҳамкорлик қилиш истагида бўлган давлат ёки ташкилотлар борми?
– Марказ Ислом маданияти, тарихи ва тиллари бўйича ихтисослашган йирик илмий ва гуманитар муассасалар, университетлар билан ҳамкорлик ўрнатишни мақсад қилган. Мисрнинг Ал-Азҳар университети, Малайзиянинг Халқаро Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти, Марокашнинг Ал-Қарауийн университети ҳамда Динлараро ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш маркази шулар жумласидан. Шунингдек, Ислом цивилизацияси бўлими Ўзбекистондаги номоддий маданий меросни асраш соҳасида UNESCO каби халқаро тузилмалар билан бирга ишлайди.
Масалан, 2024 йил динлар ва маданиятлар аро мулоқотни ривожлантириш бўйича илмий гуруҳининг Испанияга илмий сафари давомида уюштирилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллигига бағишланган тадбирда икки мамлакат маданий ва илмий доира вакиллари иштирок этди. Мадрид Миллий кутубхонасида Ўзбекистоннинг маданий тарихи билан боғлиқ яна бир муҳим манба – Амир Темур салтанати ҳақида Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо томонидан ёзилган асарларнинг асл қўлёзмалари билан танишиш имконига эга бўлдик.
Тўртинчи йўналиш – академик мобиллик дастури доирасида хорижий олимлар ва мутахассисларни маъруза ва семинарларга таклиф этиш, ўзбек ёш тадқиқотчиларини хорижга ўқиш ва тажриба орттириш учун юбориш, шунингдек қўшма магистратура ва докторантура дастурларини ташкил этиш режалаштирилган.
Ҳозиргача қатор давлатлар билан ҳамкорлик бўйича тегишли келишувларга эришилиб, муайян таклифлар ишлаб чиқилди.
Туркия: 2024 йил марказ делегациясининг Истанбулга ташрифи доирасида IRCICA ташаббуси билан медиа-тадбир ўтказилди, йирик музейларга ташрифлар амалга оширилди, меморандумлар имзоланди ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган келишувларга эришилди. Қўлёзмаларни сақлаш ва қадимий ҳужжатларни тиклашга ихтисослашган муассасалар, жумладан Сулаймония кутубхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Саудия Арабистони: Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги қароргоҳига ташриф буюрди. Учрашув чоғида келгуси ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари бўйича келишувларга эришилди ва ҳар икки томон ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Мадина Ислом университети ҳамда Қирол Файсал Исломий кутубхонаси ҳам марказ фаолиятига катта қизиқиш билдирди.
Германия ва Франция: Ушбу мамлакатлардаги илмий муассасалар Мовароуннаҳрга форс-араб таъсирини ўрганишга қаратилган лойиҳаларга қизиқиш билдирган.
Индонезия ва Малайзия: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи доирасида 25 февраль куни Малайзиядаги Ислом санъати музейи вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик ўрнатиш тўғрисида келишувга эришди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Малайзия томони Ўзбекистоннинг маданий мероси билан боғлиқ ноёб экспонатларни Ислом цивилизацияси марказида намойиш этиш учун тақдим этади.
Шу тариқа Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси Маркази ўзини нафақат аждодларимиз қолдирган буюк мерос тарғиботчиси, балки Исломни тинчлик ва ижод дини сифатида янги тафаккур асосида тақдим қилувчи замонавий илмий-маърифий маскан сифатида намоён этмоқда. Илмий манба, тарихий факт ва замонавий ютуқларга асосланган тизимли ёндашув туфайли, марказ дунё олимлари, тадқиқотчилар ва маданий муассасаларни бирлаштирган халқаро мулоқот майдонига айланяпти. Бундан кўзланган асосий мақсад Ислом цивилизациясининг инсонпарварлик ғоялари, маърифий моҳияти ва жаҳон маданиятига қўшган улкан ҳиссасини намоён этишдир.
– Ислом цивилизацияси маркази ҳақида жамоатчиликка, ўқувчиларимизга яна қандай маълумотлар етказмоқчисиз? Ушбу суҳбатимиздан улар нималарни ўрганишини истардингиз?
– Марказнинг энг асосий қисмидан Қуръони карим зали ўрин олади. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси – қадимий Усмон Мусҳафи жойлаштирилади. Шунингдек, Мусҳаф атрофига жаҳоннинг энг мўътабар Қуръон қўлёзмалари, сомонийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, темурийлар ва бошқа тарихий сулолалар даврида битилган Каломуллоҳ нусхалари, ушбу манбаларнинг эски ўзбек тилидаги таржималари ҳам қўйилади.
Шунингдек, “Исломдан аввалги цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс” каби бўлимлар очилади. Марказ экспозияларини бир-бирига боғлайдиган, замонавий кўринишдаги “Вақт девори”, “Тарих йўлаги” сингари интер фаол лойиҳаларимиз ҳам мавжуд. Яқин вақт ичида марказ олимлари томонидан аниқланган тарихий экспонатлар, хорижий музей ва кутубхоналардан келтирилган факсимиль нусхалар, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамкорлигида нашр қилинаётган “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар”, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳалари ҳам намойиш қилинади.
Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Марказ билан танишган одам ана шу тарихни яққол кўриб, Ислом дини, бу аввало, тинчлик, тараққиёт ва бағрикенглик дини эканини, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссасини англайди”. Умуман, айни фикр ҳозир бу масканда олиб борилаётган ишлар мазмун-моҳиятини белгилайди.
ЎзА