Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ўтказилаётган “Травматология ва ортопедия муаммоларини ҳал қилишда янги йўналишлар” мавзусидаги халқаро конференцияга Наманган вилояти мезбонлик қилмоқда.
Ушбу нуфузли анжуманда маҳаллий мутахассислар билан бирга Италия, Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан 270дан зиёд делегатлар, 60 нафардан ортиқ етакчи олимлар, жарроҳ ва нуфузли экспертлар иштирок этмоқда.
Тадбир авввалида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкатжон Абдураззоқов, соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Республика Ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Муроджон Ирисметов анжуманнинг илмий-амалий аҳамияти ҳақида тўхталиб, унинг соҳани ривожлантиришда янги босқични бошлаб беражагини таъкидлади.
[gallery-25924]
Қайд этиш даркор, халқаро анжуманнинг айнан Наманганда ўтказилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Кейинги йилларда вилоятда тиббиётнинг ушбу таркибий йўналишини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 2008 йилда фаолияти тўхтатилган травматология шифохонасига эҳтиёж катта эканлигига Президентимизнинг 2023 йил февраль ойида Наманганга ташрифи чоғида алоҳида аҳамият қаратилди. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалини ташкил этиш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга оид йўл-йўриқлар белгилаб берилди. Шунга кўра, собиқ эндокринология диспансери ўрнида халқаро талабларга тўла мос травматология маркази қурилишига киришилди. Икки йил ичида мавжуд бинода қурилиш таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, лаборатория, стационар, диагностика ва даволаш хизматлари, тиббий ёрдам кўрсатиш, юқори технологик жарроҳлик амалиётлари учун ихтисослашган беш қаватли янги бино қуриб фойдаланишга топширилди. Бунинг учун бюджет ҳисобидан 24,2 миллиард сўм сарфланди. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун австриялик ҳамкорлар билан биргаликда 10 миллион долларлик кредит маблағлари йўналтирилди. Натижада 10 мингдан зиёд беморларни стационар шароитда даволаш, 40 мингга яқин шикастланганларга амбулатор хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.
Дастурга асосан, хорижий олим-шифокорлар ўз маърузаларида травматология ва ортопедия олдида турган қатор долзарб масалалар, соҳадаги янгиликлар, замонавий технологиялар, илмий ҳамкорлик йўналишлари юзасидан янги ташаббус ҳамда амалий таклифларни илгари сурмоқда.
– Наманганда шундай нуфузли анжуманга таклиф қилинганимдан беҳад хурсандман. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тиббиёт соҳасида ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Айниқса, юртингизда травматология ва ортопедия йўналишида ривожланиш изчил давомий этаётганлигини эътироф этиш жоиз, – дейди Ҳиндистоннинг Деҳли штатидаги “Artemis” клиникаси профессори, тажрибали травматолог-ортопед Оберои Сингх . – Конференциядан икки кун аввал бу ердаги тиббий марказда маҳаллий шифокорлар билан биргаликда учта хирургик жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Бунинг натижасида беморлардаги елка, оёқ синишлари ва шунга ўхшаш жароҳатлар бартараф қилинди. Мақсадимиз келгусида ҳам Ўзбекистонда айни йўналишдаги ривожланиш тенденциясини кўриш.
Дарҳақиқат, тадбир доирасида чет эллик мутахассислар ҳамкорлигида беморлар тиббий кўриги ўтказилди ва жарроҳлик муолажасига муҳтожларнинг 100 нафарида юқори технологик операциялар амалга оширилмоқда.
Жумладан, италиялик травматолог-ортопед, тиббиёт фанлари номзоди Девиде Поротора Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида икки томонлама сон-чаноқ емирилиши ташхиси қўйилган Икромжон Жўраевга эндопротезлашнинг ноёб усулини қўллаб, уни дарддан халос этди. Бемор эндиликда ҳеч қандай қийинчиликсиз ўзи юра олади. Шифокорнинг айтишича, бундай усул дунёда ноёб тажриба сифатида тан олинган.
Қизғин жараёнларда жажжигина қиз ҳам жарроҳлик столига олинди. Маълум бўлишича, ёш бемор эҳтиётсизлик сабабли йиқилганда сон суяги силжиган. Бу келгусида уни ногиронликка олиб бориши мумкин эди. Ота-онаси Тошкентга олиб бормай, Наманганда даволатиш имкониятига эга бўлди. Хорижий ҳамкорлар иштирокида жарроҳлик йўли билан силжиган сон суяги ўрнига келтирилиб, оғриқ, келгусида учраши мумкин бўлган муаммолардан халос этилади.
Шунингдек, Хитой, Жанубий Корея, Россия ва қозоғистонлик мутахассислар иштирокида Наманганда ўнлаб мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди. Ҳатто, жаҳон миқёсида ўта нозик ва мураккаб ҳисобланадиган елка чиқишини артроскопик жарроҳлик усули билан даволаш вилоят тарихида илк бор мазкур филиалда муваффақиятли татбиқ этилди.
Бундай нуфузли форумлар нафақат тажриба алмашиш, балки соҳа мутахассисларининг илмий салоҳиятини ошириш, замонавий инновациялар асосида фуқаролар соғлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА