Уругвайнинг собиқ президенти, дунёдаги энг камбағал давлат раҳбари сифатида танилган Хосе Мухика вафот этди. Бу ҳақда ушбу мамлакат раҳбари Яманду Орси ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қуйидаги хабарни тарқатган:
– Ҳамкасбимиз Пепе Мухиканинг вафот этганини чексиз қайғу билан маълум қиламиз. Президент, фаол, етакчи! Бизга қолдирган ҳамма нарсангиз, халқингизга нисбатан чуқур меҳрингиз учун раҳмат!
Бутун дунёга машҳур марҳум сиёсатчини нафақат ўзи мансуб сўл вакиллар, балки ўнг қанот вакиллари ҳам ҳурмат қилишарди. Мухикани ер юзидаги энг қашшоқ президент, дейишлари бежиз эмас. У доим қишлоқдаги уйида яшаган. Ҳатто, етакчилигида ҳам маошининг ўндан бирига қаноат қилиб, қолганини хайрия ишига сарфлади.
Сиёсатчилар Хосенинг ўлимига муносабат билдириб, Лотин Америкаси маънавий етакчисидан айрилганини таъкидламоқда.
– Пепе (Мухиканинг лақаби – таҳририят) қандай лозим бўлса, шундай яшади: оддий уй, эски машина, – деди амалдаги Президент. – Унда содда яшашга журъат бор эди. Энди ўша кунларни қайтариб бўлмайди.
– Марҳумнинг айтган гапи ва қилган иши ўртасида шундай боғлиқлик бор эдики, буни ҳатто сафдошлари, яъни чап қанот сиёсатчиларда ҳам топиш қийин, – дейди Перунинг собиқ аёллар вазири Анахи Дуранд “РИА Новости” мухбирига берган интервьюсида.
Боливиянинг БМТдаги вакили Диего Пари:
– Мухика ҳаёти давомида мунтазам намоён этган изчиллик орқали Лотин Америкаси давлатлари бошқа етакчиларига ўзига хос йўл-йўриқ кўрсатган, дирижёрлик қилган.
Эквадор ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Фернандо Епес айни мавзуга муносабат билдираркан, “Ижтимоий адолат, тенгсизлик, қашшоқликка қарши курашда собит, жамияти, мамлакати, минтақаси учун бор вужудини бахш этган фидойи инсон оламдан ўтди”, деди.
Шифокорлар Мухикада қизилўнгач саратони борлигини қайд қилишган. Йил бошида у даволанишдан бош тортди ва ватандошлари билан видолашди. Афсуски, у тўқсон ёшга киришга атиги бир неча кун қолганда ҳаётдан кўз юмди.
С.Раҳимов, ЎзА