French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунёнинг энг маҳоратли теннисчиларидан бири Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси бўлди
12:06 / 2025-12-01

2018 йил ёшлар ўртасида ўтказилган ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси, теннис бўйича WTA таснифидаги 2 та жуфтлик ва 1 та яккалик мусобақалар ғолиби Камилла Раҳимова расмий равишда Ўзбекистон терма жамоаси сафига қўшилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон теннис федерацияси хабар берди. Айни пайтда WТА рейтингида 109-ўринни эгаллаб турган профессионал теннисчи Камилла Раҳимова 16 ёшида Европа чемпионлигини қўлга киритган, 2017 йили АҚШ очиқ чемпионатининг жуфтлик баҳсларида кумуш медалга сазовор бўлган.

Унинг онаси Руфина Раҳимова ёшлигида ўз ёш тоифасида энг кучли теннисчилар қаторига кирган ва Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган.

Камилла Раҳимова жаҳон туридаги энг барқарор ва профессионал ривожланаётган спортчилардан бири саналади.

2025 йил 28 ноябрда янгиланган WТА рейтингига кўра, Раҳимова яккаликда 109-ўринда қайд этилди.

Камилла Раҳимованинг Ўзбекистон байроғи остида халқаро мусобақаларда иштирок этиши миллий терма жамоа учун стратегик кучайишни таъминлаши билан аҳамиятли ҳисобланади.

Энди Ўзбекистон “Катта дубулға” турнирлари, WTA, ITF мусобақалари, жамоавий чемпионатлар, Осиё ўйинларида юқори натижалар учун кураша оладиган жаҳон даражасидаги теннисчига эга бўлди.

—Камилла Раҳимованинг Ўзбекистон терма жамоасига қўшилиши тарихий воқеа. У дунёнинг энг яхши ўйинчилари билан тенгма-тенг ўйнай олади. Биз Камиллани терма жамоа таркибида кўрганимиздан мамнунмиз ва олдинда ёрқин ғалабалар ва янги рекордлар борлигига ишонамиз, — деди Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби Сардор Комилов.

Т.Рўзиев,

ЎзА