Халқаро шахмат федерацияси 2025 йилнинг 3-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида эркаклар ва аёллар ўртасида “FIDE Grand Swiss-2025” турнири бўлиб ўтишини эълон қилди.
Ушбу нуфузли мусобақа бой шахмат меросига эга, жаҳон шахмат ҳамжамиятида таъсири тез ўсиб бораётган Ўзбекистонда илк бор ўтказилиши билан дунё эътиборидаги тадбир ҳисобланади.
Саралаш турнирининг аҳамияти билан бир қаторда, унинг мукофот жамғармаси ортгани иштирокчилар сафини янада кенгайтирмоқда.
Турнирнинг мукофот жамғармаси 625 минг АҚШ долларга кўтарилди. Бу, аввалги турнирларга нисбатан 36 фоизга ошганидан далолат. Аёллар мукофот жамғармаси эса 140 минг доллардан 230 минг долларга, яъни 64 фоизга оширилди.
Иккала турнир ҳам 11 раунддан иборат бўлиб, иштирокчилар сони 170 нафарни ташкил этиши кутилмоқда.
Айни пайтда ФИДЕ рейтинги бўйича 100 нафар шахматчи “FIDE Grand Swiss-2025” турнирига йўлланма олган бўлса, аёллар мусобақасида қатнашиш истагидаги 44 нафар шахматчи хотин-қизлар Самарқандга келишини тасдиқлаган.
Т.Рўзиев, ЎзА