Бугун, 25 декабрь куни дунёнинг энг кучли шахматчилари йилнинг энг сўнгги нуфузли мусобақаси - блиц ва рапид йўналиши бўйича ФИДE жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун Қатар пойтахти Доҳада жам бўлишди.
Халқаро шахмат федерацияси тақвимидаги асосий чемпионатлардан бири саналган мазкур мусобақада 396 нафар кучли гроссмейстерлар қатнашиш талабномаларини тақдим этган. Блиц баҳсларида 254 нафар, рапид мусобақаларида 251 нафар, аёллар ўртасидаги блиц ўйинларида 141 нафар, рапидда 142 нафар шахматчи дона суриши кутилмоқда.

Муросасиз баҳсларда классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Домаражу Гукеш ва ФИДЕ рейтинги етакчиси Магнус Карлсен, 2024 йилги тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони Володар Мурзин, блиц йўналишида ғолибликка эришган Ян Непомнящий қаторида Фабиано Каруана, Аниш Гири, Уэсли Со, Левон Аронян, Винсент Каймер, Аржун Эригаиси, Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Праггнанандха, Ягиз Хан Эрдоғмус сингари номдорларнинг “ақл жанги”га гувоҳ бўламиз.

Хўш, жаҳоннинг энг кучли шахматчилари қатнашадиган жаҳон чемпионатида Ватанимиз шарафини қайси шахматчиларимиз ҳимоя қилади? Чемпионатнинг аёллар мусобақасида кимлар дона суради?
ФИДЕ маълумотига кўра, чемпионатнинг аёллар мусобақасида таниқли гроссмейстерлар хитойлик Цзюй Вэньцзюнь, Чжу Цзиньэр, Лэй Тинцзе, Леи Тингжие, россиялик Александра Горячкина, ҳиндистонлик Хампи Конеру, украиналик Анна Музичук қаторида ўзбек шахмат мактабининг ёрқин вакиллари Афрўза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфар Ёқуббоева ва Мадинабону Халилова, Гулдона Каримова кучлилар билан баҳс олиб боради.

Чемпионатнинг очиқ мусобақаларида Нодирбек Абдусатторов билан бир қаторда Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Жаҳонгир Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов ва Муҳаммадзоҳид Суяров, Ҳумоюн Бекмуродов Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Бугун кун мобайнида жаҳон чемпионати мандат комиссияси йиғилиши, мусобақаларга қуръа ташлаш каби тадбирлар бўлиб ўтади.
Эртага, 26 декбарь куни чемпионатнинг тантанали очилиш маросими, турнир низомига мувофиқ рапид йўналишининг очиқ мусобақалари 5 та тури, аёллар ўртасидаги 4 та тур ўйинлари ташкил этилади.
Бундан 9 йил муқаддам, яъни 2016 йили Доҳада рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпионати ташкил этилган эди. Ўшанда украиналик Василий Иванчук рапидда, россиялик Сергей Карякин блиц йўналишида ғолибликни тантана қилган.
Ўзбекистонлик шахматчиларнинг ушбу чемпионатдаги иштироки тарихига назар ташласак, 2021 йилнинг 25-31 декабрь кунлари Польша пойтахти Варшавада ўтган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов рапид йўналишида жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб, юртимиз ёшларининг тафаккур қудрати нечоғли юксаклигини дунёга намойиш этган. Ўтган йили АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтган чемпионатда эса янги Ўзбекистон шахматчиларининг ёрқин вакили Жавоҳир Синдоров 9 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 6-ўринни эгаллаган эди.
Жаҳоннинг энг донгдор гроссмейстерлари қатнашаётган “ақл жанглари”да натижалар қандай бўлишини олдиндан айтиш мушкул.
Лекин, мусобақалар олдидан бир қатор шахматчилар, хусусан Магнус Карлсен сингари етакчилар чемпионатда ўзбек шахматчиларининг кучлиликка даъвогар эканини таъкидламоқдаки, бу орзуларимиз ҳақиқатга айланишига умид уйғотиши табиий. Аслида истагимиз ҳам шу. Маҳоратли шахматчиларимиз яна бир бор чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган онларга гувоҳ бўлайлик.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион евродан иборат.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА