Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Дунёни тинчлик ва эзгуликка илҳомлантирамиз!”
14:53 / 2025-10-11

Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан “Дунёни тинчлик ва эзгуликка илҳомлантирамиз!” шиори остида Қизлар фестивали ўтказилди.

“Халқаро қизлар куни” 2011 йил 11 октябрда БМТ Бош ассамблеясида асос солинган бўлиб, ушбу кун ҳар йили қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий муаммоларига бутун дунёнинг эътиборини қаратиш мақсадида нишонланади.

Бугунги кунда юртимизда ҳам қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи устуворлик касб этиб, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим олишига шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Бугунги фестивални ўтказишдан асосий мақсад қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, миллий қадриятлар, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш, китобхонликни тарғиб қилиш, ногиронлиги бўлган қизлар учун тенг имкониятларни кенгайтириш, ота-оналарнинг қизлар тарбиясидаги масъулиятини янада кучайтиришга қаратилган, – дейди вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бош мутахассиси Дилноза Ғаффорова. – Ҳозирда вилоятимиз аҳолисининг 540 минг нафардан зиёди, яъни 49,3 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Вилоятдаги фаол, ташаббускор, бошқарувчилик қобилиятига эга лидер хотин-қизларимизни келгусида давлат бошқарувининг турли соҳаларида раҳбарликка тайёрлаш мақсадида Давлат бошқаруви академиясида 12 нафар хотин-қизларимиз ўқитилди. 98 нафар аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, 35 нафар хотин-қизлар эса “Зулфия” номидаги Давлат мукофоти билан мукофотланган.

[gallery-25702]

Таъкидлаш керакки, сўнгги уч йилда қизларимизни олий таълимга қамрови қарийб 1,5 баробарга ортди. Жорий йилда эҳтиёжманд оилалардаги 1827 нафар хотин-қизларга имтиёз асосида олий таълимда таҳсил олишлари учун тавсиянома берилган бўлса, уларнинг 60 нафари грант асосида ўқишга қабул қилинди. Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга бўлган хотин-қизларнинг 285 нафарига олий таълим муассасаларига кириши бўйича тавсиянома берилди. Ҳар йили 150 нафар хотин-қизларнинг олий таълим муассасасидаги шартномавий тўловлари тўлаб берилмоқда.

Тадбир доирасида бир гуруҳ фаол ва ташаббускор қизларга, шунингдек, “Inno Women Week” хотин-қизларнинг инновацион ҳафталиги ва “Гендер тенглик фаоли” танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этган хотин-қизларга диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), 

ЎзА мухбирлари