English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Дунёни рассом нигоҳи билан кўришга имкон берувчи ижодий лойиҳа
10:22 / 2024-10-14

Шу кунларда пойтахтимиз кўплаб маданий, маърифий, илмий, ижодий лойиҳаларнинг марказига айланган. Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилаётган X Халқаро замонавий санъат биенналеси ана шундай бетакрор ижодий лойиҳалардан бири, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

“Санъат ва дунё” мавзусидаги халқаро биеннале шунчаки кўргазма эмас, балки янгиланаётган Ўзбекистонда тасвирий санъат соҳасида кечаётган янгиланиш жараёнларини жаҳонга намойиш этиш, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва мулоқот қилиши учун имкон яратиши билан диққатга сазовордир.

– Ушбу халқаро биенналенинг “Санъат ва дунё” деб номланиши бежиз эмас, – деди X Халқаро Тошкент замонавий санъат биенналесининг куратори, санъатшунос Суҳроб Қурбонов. – Бугун дунёнинг, инсониятнинг турли глобал муаммолар гирдобида қолгани яхши маълум. “Санъат ва дунё” деган мавзу юртимиз ва хорижий рассомларнинг мавжуд глобал муаммоларга муносабатини ўз ижоди, асарлари орқали намоён этишини кўзда тутади. Бугунги глобаллашув жараёнига мўйқалам соҳибларининг муносабатлари қандай?  

Халқаро кўргазма ғояси шу саволга жавоб излашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мамлакатимизда тасвирий санъат ривожига кўрсатилаётган улкан эътибор натижасида дунё нафис санъати жараёнида Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси ўз қиёфаси, ўз мазмун-моҳияти, ўз ўрни ва нуфузига эга бўлди.

– X Халқаро Тошкент замонавий санъат биенналесида қатнашиш учун юртимиз ва хориждан 400 нафардан ортиқ рассомдан аризалар келиб тушди, – деди Ўзбекистон Бадиий академияси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ася Тўйчиева. – Даъвогарларнинг ижоди “Санъат ва дунё” халқаро биенналесининг мавзусига ва йўналишига, ғояларига мос тушишига асосий эътибор қаратилиб, қатнашчиларнинг ижодий ишлари ушбу мавзуга мос картиналари, бадиий асарлари саралаб олинди. Жумладан, хориждан 41 нафар мусаввир, мамлакатимизнинг 62 нафар рассоми бу йилги биенналеда ўз асари билан иштирок этмоқда. Шу билан бирга Польша ва Руминиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликдаги ижодий лойиҳалар ҳам санъат мухлислари эътиборига ҳавола этилади.

Атоқли рассом, дизайнер, ҳайкалтарош Юнус Сафардиёр Ўзбекистонда туғилган. Россияда таҳсил олган. Буюк Британияда моҳир ижодкор сифатида шаклланган. Ўзбек ижодкорининг замонавий инсталляция асарлари дунёнинг кўплаб давлатларидаги шаҳарлар, биноларни безаб турибди. Юнус ака ўзи туғилиб ўсган Ўзбекистонга эҳтиром рамзи сифатида “Қуёш” деб номланган 13 тоннали улкан ва бетакрор инсталляция асарини яратган эди. Мазкур ижод намунаси ҳозирда Самарқанддаги Конгресс-марказини безаб турибди.

– Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида “Сўнгги ҳайқириқ” номли инсталляция асарим билан қатнашаяпман, – деди Юнус Сафардиёр. – Инсоният жуда мураккаб ва зиддиятли замонда яшамоқда. Булар иқтисодий, ижтимоий, маънавий-ахлоқий масалаларни ўзига қамраб олади. Менинг асаримда инсониятнинг ана шу муаммолар билан тўқнаш келгани ва улардан маънавий поклик, бетакрор маънавий қудрат сабабли чиқиб кета олиши ифодаланган. Бу асарда ҳар бир инсон ўз муаммосини кўради, у ҳақда фикр юритади.

Дарҳақиқат, инсоният бугун ўта мураккаб муаммоларга рўбарў келмоқда. Ватандошимиз Юнус Сафардиёр асари ҳар бир томошабинни ана шулар ҳақида ўйга толдириши, фикрлашга чорлаши билан ҳам ғоят қадрлидир.

Умуман олганда, X Халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси юртдошларимиз ва хорижий меҳмонлар, сайёҳларга бугун дунёда кечаётган жараёнларга ижодкорлар, рассом ва ҳайкалтарошлар нигоҳи билан назар ташлаш, чуқур мушоҳадага чорлаш имконини бериши билан диққатга сазовордир.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири.