Тошкент шаҳридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини сақлаш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган халқаро экспертлар форуми бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари яқинда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, илм-фан ва маърифат соҳасидаги янгиликларга алоҳида урғу берди. Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши бутун жаҳон илмий жамоатчилиги учун кутилаётган муҳим воқеа сифатида таъкидланди.
Икки кун давомида бўлиб ўтган форумда 20 дан ортиқ давлатлардан ва IRCICA, ICESCO, TURKSOY, Бутунжаҳон Ислом Лигаси, Оксфорд университети, Россия Фанлар Академияси, Christie’s каби нуфузли халқаро ташкилотлардан 100 дан зиёд мутахассислар ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлди. Мазкур анжуман Ўзбекистонда олиб борилаётган маънавий-маърифий сиёсатнинг мантиқий давоми ва илмий ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида намоён бўлди.

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган халқаро экспертлар кенгашида иштирок этганимиздан жуда хурсандмиз, – деди Бутунжаҳон ислом уюшмаси конференциялар ва тадбирлар директори Шакер Салоҳ Аладваний. – Анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан таниқли мутахассислар иштирок этди. Марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан илгари сурган ташаббусига биноан барпо этилди ва бугун у ҳақиқатга айланди.

Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) директор ўринбосари Ченгиз Томарнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон дунёга юз очиб, ўзининг бой тарихий меросини бутун жаҳон ҳамжамиятига танитмоқда. Тошкентда барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат минтақанинг, балки бутун ислом оламининг маданий-маънавий қиёфасини акс эттиради ва юксак илмий меросини кенгроқ намоён этади. Ченгиз Томарнинг қайд этишича, бундай марказлар орқали исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини кўрсатиш, уни нотўғри талқинлардан ҳимоя қилиш ҳамда исломофобияга қарши самарали курашиш мумкин.
– Бу маскан нафақат ўтмиш буюк мутафаккирларининг меросини эслатади, балки ХХI асрда ислом-турк уйғонишининг муҳим белгиларидан бири сифатида ҳам тарихга киради, – деди Ченгиз Томар.

Ислом ҳамкорлик лигаси Тадқиқотлар бошқармаси директори Умар Абу Шаафнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан Ислом цивилизацияси марказининг яқинда очилиши ҳақидаги хабари бутун дунёга Ўзбекистоннинг буюк исломий мероси борлиги ва уни барча инсоният кўриши кераклиги ҳақида очиқ хабар бериш демакдир.
– Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрганимдан жуда фахрланаман, – деди Умар Абу Шааф. – Бу марказни қуриш ташаббусини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан эълон қилган. Бу Ўзбекистоннинг бутун дунёга туҳфасидир. Марказни айланиб чиқдим. У жуда чиройли, йирик исломий-маърифий мажмуа бўлиб, бутун дунё учун очиқ. Иншооллоҳ, қайта ташриф буюраман ва бу ерда мавжуд бўлган ноёб экспонатлар билан янада чуқурроқ танишиб, уларнинг барчасидан фойдаланаман. Чунки улар исломий мерос ва цивилизациянинг ҳақиқий намунасидир ва бундан барча инсоният наф кўради. Форум жуда баланд руҳда ўтди. Унда Ислом ҳамкорлик лигаси номидан нутқ сўзладим. Форумдан жуда кўп фойдали билим ва тажриба олдим. Қатнашчилар ўз бой тажрибалари билан форумга ҳисса қўшишди ва шубҳасиз, бундан барчамиз катта фойда кўрдик. Ростини айтсам, бу жуда улкан ва кучли ташаббус. Айниқса, бу лойиҳани Президентингизнинг БМТ минбаридан эълон қилгани — бутун дунёга Ўзбекистоннинг буюк исломий мероси борлиги ва уни барча инсоният кўриши кераклиги ҳақида очиқ хабар бериш, демакдир. Бу марказ ва унинг ғояси Президент Шавкат Мирзиёевнинг дунёга йўллаган хабари бўлиб, биз бундан фахрланамиз ва шараф деб биламиз.
Дарҳақиқат, марказнинг ўзи жуда гўзал ва бой. Ундаги бўлимлар жуда ажойиб. Айниқса, унда Усмон (р.а.) мусҳафи — ягона ва нодир Қуръон нусхаси мавжудлиги диққатга сазовор. Бу мусҳаф бутун ислом олами учун бебаҳо маданий ва тарихий мерос бўлиб, халқаро ва минтақавий миқёсда катта аҳамият касб этади.
Марказда Қуръони каримнинг қимматли қўлёзмалари ҳам мавжуд. Уларнинг қиймати жуда улкан.
Босма нусхалар чоп этилиши имконияти мавжудлиги туфайли тезроқ тарқалади ва бутун инсониятга босма ёки электрон шаклда етказилиши мумкин. Қўлёзмалар эса ўзининг тарихий аҳамияти билан ислом меросининг бебаҳо қисми ҳисобланади.
Халқаро экспертлар форуми қатнашчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нуфузли халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар ташкилоти минбаридан туриб бу соҳада илгари сурган ташаббусларини эътироф этаркан, Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун ислом дунёси учун катта аҳамият касб этади.
Н.Усмонова,
ЎзА