Айни кунда дунёдаги сиёсий қалтис вазият сабаб Россия шакар маҳсулоти экспортини тақиқлади.
Шакар ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи давлатлардан саналган Россия ҳам озиқ-овқат сиёсатида эҳтиёткорлик йўлини танлаган. Айниқса, муқобили йўқ озиқ-овқатлардан бири – шакар муаммосини бошқа озиқ-овқат маҳсулотларидан олдинроқ бартараф этиш чораларини кўришни бошлади. Россия шакар экспортини тўхтатишига қарамасдан, ушбу давлатда шакар муаммоси ҳозирданоқ бошланган. Расталарда шакар танқислиги сезилмоқда.
Шу ўринда савол туғилади: асосан Россиядан шакар импорт қиладиган Ўзбекистонга бу муаммо ҳам кириб келмайдими?
Йўқ албатта. Президентимиз 2020 йил охирида шакар бўйича ўзга давлатларга қарамликка бутунлай барҳам берган эди. Яъни импорт шакарларга ҳам ишлаб чиқарувчилар қатори бож ставкалари жорий қилиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни сақлаб қолишга эришилди. Бу албатта узоқни кўра билишнинг натижасидир.
Барчага маълумки, шакар стратегик озиқ-овқат ҳисобланиб, унинг хавфсизлигини таъминлаш эса барча давлатларда сиёсат даражасида қаралади. Шакар бўйича ўзга бир давлатга тобе бўлмаслиги учун имкони бор барча давлатлар ўз заводларига эга бўлишган.
Қудратли давлатлар ушбу стратегик озиқ-овқат бўйича кучсиз давлатларни синдириш устида йиллаб иш олиб боришади, узоқ йиллик режалар тузишади. Бизнинг тилда айтганда, «йўл харитаси» тузилиб, босқичма-босқич амалга оширилади. Чунки бошқа бир озиқ-овқат ўрнини боса олмайдиган шакар ортидан кимлардир "астрономик" даражадаги рақамларда даромад олиши мумкин. Улар учун эса бутун бошли бир давлат аҳолисининг тақдири зиғирча ҳам қизиғи йўқ.
Давлатлар ўртасида ушбу озиқ-овқат ҳукмронлиги бўйича кураш азалдан бўлган. Ҳозир ҳам давом этмоқда. Ваҳоланки, тўхтамайди ҳам.
Бу курашда кимлар ғолиб, кимлар мағлуб бўлганини давлатлардаги шакар ишлаб чиқарувчиларнинг аҳволидан билиб олиш мумкин.
Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ шакар сиёсатига эътибор қаратишни бошлади. 1994 йилдан бошлаб шакар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўллари қидирилди. Натижада 1998 йилга келиб «Хоразм шакар» шакар заводи иш бошлаб, аҳолининг шакарга бўлган эҳтиёжининг ярмини қондириб келган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 8 июндаги қарори асосида бир кунда минг тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга «Ангрен шакар» заводига асос солинди. Халқнинг шакарга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида мазкур завод 18 ой ичида қуриб битказилиб, 2014 йил сентябрь ойида иш бошлади.
«Ангрен шакар» МЧЖ барча жараёнлар автоматик тарзда бошқарилишига қарамай, 700 нафар одамни иш билан таъминлаб келмоқда. Ҳаттоки, маҳсулотни қадоқлашда ишлатиладиган қоплар ҳам заводнинг ўзида тайёрланади. Халқимиз истеъмол қилаётган шакар халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бериши учун ўз ишининг устаси бўлган мутахассислар доимо изланишда.
Европанинг ривожланган Германия, Австрия, Бельгия ва Финляндия давлатларидан келтирилган энг сўнгги русумдаги замонавий технологиялар халқаро талабларга жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга замин яратмоқда. Биргина «Ангрен шакар» маҳсулоти бутун дунёга машҳур ва нуфузли SGS халқаро сертификатлаштириш ташкилотининг доимий назоратида. Шу боис Ўзбекистонда озиқ-овқат тайёрлайдиган машҳур брендлар ҳам шакар бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Заводларимизда ишлаб чиқарилаётган шакар ISO-9001 ҳамда тайёр маҳсулотлар хавфсизлиги бўйича FSSCO-22000 халқаро сифат стандартларининг сертификатига ҳам эга.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, иккинчи заводимиз – «Ангрен шакар» иш бошлагандан кейин юртимизда шакар муаммосига тўлиқ барҳам берилди. Ўзбекистон аҳолисининг ўзи йилига 700 минг тонна шакар истеъмол қилади. Шуни ҳисобга олган ҳолда мавжуд иккита завод кунига 2000 тонна қувват билан фаолият юритмоқда. Бу импорт тобелигига барҳам бериб аҳолининг шакарга бўлган талабини қондириб келмоқда.
Ўрни жоиз бўлмаса ҳам шуни айтиб ўтиш керакки, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз шундай муваффақиятларга эришгунча кўплаб тўсиқларга дуч келган. 2017 йил айрим сабабларга кўра завод фаолиятини тўхтатган эди. Шахсан Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан 2018 йилнинг охирига келиб корхона яна ўз фаолиятини бошлади. Заводларимиз бир йилга тўхтаган вақтда аҳоли эҳтиёжини импорт шакар қайта эгаллай бошлаган эди. «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» МЧЖлар фаолиятини яна давом эттириши билан импортга ҳам ҳожат қолмади. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, «Импорт – ўзга давлат аҳолисига маош тўлашдир».
Ўзбекистон фуқароларига шуни айтиб ўтиш жоизки,«Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» МЧЖлар йил охирига қадар 800 минг тонна шакар ишлаб чиқаришни зиммасига олган. Бунинг учун хом-ашё захиралари ҳам етарли.
Ўзбекистонда шакар танқислиги бўлмайди. Мавжуд иккита маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларимиз аҳолининг эҳтиёжларини қондиришга қурби етади.
"Ангрен шакар" МЧЖ Матбуот хизмати