Жорий йилнинг 20 январида Берлинда «Greenweek -2023» доирасида кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» бренди остида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари стенди намойиш этилди.
Меҳмонлар, жумладан, Германия озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги федерал вазири Жем Ўздемир, Европа Иттифоқининг қишлоқ хўжалиги бўйича комиссари Януш Войтсеховский, Берлин мери Франсиска Гиффай ва бошқалар кўргазма бўйлаб саёҳатни айнан Ўзбекистон стендидан бошлади.
Уларни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов бошчилигидаги делегация кутиб олди.
Ўзбекистон томон «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» стенди бўйлаб экскурсия давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалигида мавжуд ишлаб чиқариш йўналишлари билан таништирди.
Меҳмонлар Ўзбекистон стендини катта қизиқиш билан кузатар экан, келгусида ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирди.
Меҳмонлар Ўзбекистоннинг сархил ва қуритилган меваларидан ҳамда миллий таомларидан татиб кўриб, юқори баҳо берди. Таъкидлаш жоизки, 240 квадрат метр майдонга эга Ўзбекистон стендида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 60 дан ортиқ тадбиркорнинг миллий маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Жумладан: 227 турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари – сархил ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, сут ва гўшт маҳсулотлари, ёғ маҳсулотлари, салқин ичимликлар, қандолат, ун, маргарин маҳсулотлари ва бошқалар мазкур стендлардан жой олган.
«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» стенди ҳудудига ташриф буюрган барча меҳмонлар юртимиз ошпазлари тайёрлаган миллий таомлар: палов, сомса, патир нон ва бошқа таомлар билан сийланди ва стенд жонли тарзда миллий мусиқа садолари остида намойиш этилди.
Ўзбекистон делегацияси Нидерландия, Канада, Грузия, Польша, Мўғулистон, Латвия ва Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлари билан қизғин учрашувлар ўтказди.
Шу билан бирга, Жаҳон банки, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси билан юқори даражада учрашувлар ўтказилди.
Дастур режасига кўра, иштирокчи давлат делегациялари вазирлари билан ҳам учрашув ва мулоқотлар амалга ошириш белгиланган.
Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик, виночилик, ғалла ва ем-хашак экинларини етиштириш ва бошқа соҳаларда ўзаро тажриба алмашиш бўйича келишувларга эришилди.
Голландия, Польша, Латвия ва Канада тадбиркорларининг Ўзбекистонга бизнес миссияларини ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон шароитида экинларнинг янги турларини етиштириш бўйича илмий ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар томонидан молиялаштириладиган дастурлар доирасида олимларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Барча ҳамкорлар озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Польша Бош вазири ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ тараққиёти вазири Хенрик Ковалчик билан тадбиркорлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, уруғчилик, иссиқхоналар, рақамлаштириш соҳаларида тажриба алмашишни назарда тутувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Кўргазманинг биринчи куни якунлари бўйича Германия дўконларига сублимация усулида қуритилган мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш, Германиянинг «Гирлос инжиниринг» компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда музлатгичли омборхона қуриш, кооператив асосида мева ва сабзавотларни қайта ишлаш «Бухерс» компаниялари билан ҳамкорликда экспорт шартномалари имзоланди.
Мазкур кўргазманинг аҳамиятли томони шундаки, бу ерда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғридан-тўғри шартномалар тузиш, ҳамкор ва шерикларни топиш ва амалий натижаларга эришиш учун истиқболли имкониятдир.
Шу билан бирга, бу каби тадбирлар айни мамлакат экспорт салоҳиятида ҳам муҳим ўрин тутади. Зеро, қишлоқ хўжалигини яшил технология асосида ташкил этиш ва маҳсулот ҳосилдорлигини ошириш ҳам мамлакатимиз учун долзарб ҳисобланади. «Green week -2023» ўз ишини давом эттирмоқда.
ЎзА